Мисрда бортида 45 нафар россиялик бўлган батискаф чўкиб кетди

Олам

image

Бугун, 27 март куни Мисрнинг Хургада шаҳрида сайёҳлик батискафи чўкиб кетди. Унинг бортида 45 нафар Россия фуқароси, жумладан болалар ҳам бўлган. Тўрт нафар сайёҳ ҳалок бўлган, бир неча кишини қидириш ишлари давом этмоқда. Бу ҳақда Россиянинг Хургададаги Бош консулхонаси хабар берди. 

Қайд этилишича, бугун, 27 март куни маҳаллий вақт билан соат 10:00 да қирғоқдан 1 км узоқликда “Sinbad” номли батискаф аварияга учраган. Ушбу сувости кемаси худди шу номдаги меҳмонхонага тегишли бўлган.

Батискаф маржон рифларини томоша қилиш учун режалаштирилган сувости экскурсиясини амалга ошираётган бўлган. Экипаж аъзоларидан ташқари, бортда 45 нафар сайёҳ, жумладан вояга етмаганлар ҳам бўлган ва уларнинг барчаси Россия фуқаролари ҳисобланади.

Дастлабки маълумотларга кўра, бортдагиларнинг аксарияти қутқарилиб, Хургададаги меҳмонхоналар ва шифохоналарга жойлаштирилган. Уларнинг соғлиғи хавф остида эмас. Аммо тўрт киши ҳалок бўлган. Бир неча сайёҳнинг тақдири ҳозирча номаълум.

SHOT маълумотига кўра, ҳалок бўлганлар сони олти нафарга етган. Батискаф бортида 15 нафар бола ҳам бўлган. Чўкиб кетган батискаф 25 метр чуқурликка шўнғиб, узунлиги 500 метр бўлган маржон рифини тадқиқ қилишни режалаштирган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Италиянинг Турин шаҳридаги Витторио Венето майдони яқинида сайёҳлик автобуси По дарёсига тушиб кетган эди. Автобусда фақат ҳайдовчи бўлган ва у ҳушсиз ҳолда қутқариб олинган. Шифокорларнинг узоқ давом этган ҳаракатларига қарамай, у вафот этган. Ҳодиса жойига қутқарувчилар, жумладан вертолёт экипажи етиб борган. Воқеа вақтида бошқа йўловчилар ёки пиёдалар жабрланган бўлиши мумкинлиги боис қидирув ишлари олиб борилган, бироқ ҳеч ким топилмаган.


Мақола муаллифи

Теглар

Миср сувости кемаси батискаф Хургада

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг