Миср ва Қатар ШҲТнинг ҳамкори мақомини олди

Олам 3809
image

Бугун, 14 сентябрь куни Тошкент шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитига тайёргарлик кўриш доирасида Миср Араб Республикаси ва Қатарга ШҲТнинг мулоқот бўйича ҳамкори мақомини бериш тўғрисидаги Меморандумларни имзолаш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги Матбуот хизмати маълум қилди.

Маълумотга кўра, ҳужжатларни ШҲТ Бош котиби Чжан Минг, Миср Араб Республикаси Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Ҳамди Санад Лоза ва Қатар Давлат Ташқи ишлар давлат вазири Султон бин Саад ал-Мурайхий имзолаган. Ўзбекистон томонидан тадбирда Ташқи ишлар вазири ўринбосари Фурқат Сидиқов иштирок этди.

Қайд этилишича, меморандумлар ШҲТ ва юқоридаги давлатлар ўртасида минтақавий хавфсизлик ва барқарорлик, савдо ва инвестиция, энергетика, АКТ, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва коммуникациялар, маданият, фан ва технологиялар, таълим, соғлиқни сақлаш, туризм ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни назарда тутади.

Шунингдек, ҳамкор давлат мақоми ташкилотга аъзо давлатларнинг таклифига биноан ШҲТ доирасида ўтказиладиган тадбирларда иштирок этиш ҳуқуқини беради.  Меморандумлар улар имзоланган кундан бошлаб кучга киради.

Эслатиб ўтамиз, Самарқанддаги ШҲТ саммитида бир нечта давлатга алоҳида мақом бериш масалалари кўрилиши маълум бўлганди.

Маълумот учун, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти (ШҲТ) доимий фаолият кўрсатувчи минтақавий халқаро бирлашма бўлиб, 2001 йил 15 июнь куни Шанхайда ташкил этилган. ШҲТга Россия, Ҳиндистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Хитой, Покистон, Тожикистон ва Ўзбекистон аъзодир. Бу йил ташкилотга раислик Ўзбекистонга ўтди.

Нозима Назирова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 98
Рейтинг: 3
t
×