Мирзиёевнинг пандемия давридаги ислоҳотлари қандай баҳоланмоқда?

Жамият

image

Коронавирус пандемияси пайтида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш борасидаги Фармон ва қарорлари, шунингдек аҳолини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари халқаро ҳамжамият иштирокидаги телеконференцияда ижобий қабул қилинган. Бу ҳақда Молия вазирлиги ва Марказий банк ахборотида маълум қилинмоқда. 

Қайд этилишича, 16 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Марказий банк томонидан глобал инқирознинг Ўзбекистонга салбий оқибатларини юмшатиш бўйича амалга оширилаётган чораларга бағишланган телеконференция ўтказилган. 

Евроосиё минтақасида суверен эмитентлар томонидан биринчилардан бўлиб ташкил қилинган тадбирда 150 дан зиёд хорижий инвесторлар, халқаро молия ташкилотлари, глобал инвестиция банклари ва экспорт кредит агентликлари вакиллари иштирок этган. 

Телеконференция давомида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳамда Марказий банки вакиллари томонидан глобал инқирознинг мамлакат иқтисодиёти ва молиявий тизимига бевосита ва билвосита таъсири, инфляцион ва фискал баланс кутилмаларидаги ўзгаришлар, инқирозга қарши кураш борасида давлат томонидан кўрилаётган иқтисодий ва ижтимоий чоралар бўйича маълумот берилган. 

Хабарда айтилишича, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг коронавирус пандемиясининг иқтисодиётга таъсирини юмшатиш ҳамда макроиқтисодий барқарорликни таъминлашга қаратилган Фармон ва қарорлари, иқтисодиёт тармоқларини қўллаб-қувватлаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирлар телеконференция қатнашчилари томонидан ижобий қабул қилинган. 

Конференцияда шунингдек инвесторларнинг глобал инқироз даврида Ўзбекистоннинг макроиқтисодий кўрсаткичлари, фискал чоралар ҳамда инқирозга қарши кураш жамғармасининг молиялаштирилиш манбалари, глобал инқирознинг тўлов баланси, миллий валюта, инфляция ва банк тизимига таъсири ва бошқа саволларига жавоб берилган.

“Қайд этиш жоизки, кўплаб ноаниқлик ва иқтисодий хатарлар юзага келаётган бир вақтда фаол равишда керакли маълумотларни тақдим қилиш ҳамда мавжуд саволларга жавоб бериш учун кенг имконият яратган мазкур телеконференция халқаро ҳамкорлар томонидан юксак эътироф этилди. 

Натижада, Ўзбекистон Республикасига қўшимча молиявий ресурсларни ажратиш бўйича таклифлар келиб тушмоқда. Жумладан, телеконференцияда қатнашган молиявий ташкилотларнинг биридан Ўзбекистон Республикаси корхоналарига асосий воситалар учун (fixed assets loan) ҳамда айланма маблағлари учун кредит (working capital loan) бериш мумкинлиги ҳақида таклиф келди. 

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси халқаро суверен облигацияларнинг иккиламчи бозордаги котировкаларининг нисбатан барқарорлиги халқаро инвесторлар томонидан юртимизнинг макроиқтисодий барқарорлигига ишонч белгиси ҳисобланиб, келажакда ушбу молиялаштириш манбаи республикамиз эмитентлари учун очиқлигидан дарак беради”, дейилади хабарда.

Телеконференцияда “Abu Dhabi Investment Authority”, “AIG Investments”, “AXA Investments,  Blackrock”, “Fidelity”, “Eaton Vance” каби йирик халқаро инвестицион компаниялар, “Citigroup”, “JP Morgan”, “Merrill Lynch”, Газпромбанк, “Deutsche Bank”, “Raiffeisen Bank International” каби йирик инвестиция банклари ҳамда Осиё тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Халқаро молия корпорацияси, “KfW”, “Export-Import Bank of China” каби халқаро молия ташкилотлари қатнашган.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Молия вазирлиги Марказий банк

Баҳолаганлар

66

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг