Мирзиёевнинг Хитойга расмий ташрифи якунланди

Жамият

image

Бугун, 3 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Хитой Халқ Республикасига расмий ташрифининг тадбирларга бой дастури якунига етди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Давлат раҳбари жорий йилнинг 31 август куни рафиқаси билан бирга Тяньцзинь шаҳридаги “Мэйцзян” конгресс марказида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитининг норасмий тадбирларида иштирок этди.

Ўзбекистон етакчиси 1 сентябрь куни ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги йиғилиши ва “ШҲТ плюс” форматидаги учрашувда қатнашиб, кўп томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ҳамда ташкилот фаолиятини такомиллаштириш бўйича қатор ташаббусларни илгари сурди.

2 сентябрь куни Пекин шаҳрида Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин билан расмий делегациялар иштирокида музокаралар бўлиб ўтди. Учрашув якунида амалий ҳамкорликнинг устувор йўналишлари бўйича икки томонлама ҳужжатларнинг салмоқли тўплами имзоланди.

Шунингдек, Президент Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин билан учрашиб, икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалаларини муҳокама қилди.

Давлат раҳбари Хитой Бош вазири Ли Цян, хорижий делегациялар раҳбарлари ва ишбилармон доиралар вакиллари билан ҳам самарали учрашувлар ўтказди.

Ўзбекистон Президенти бугун, 3 сентябрь куни Пекин шаҳрида Иккинчи жаҳон уруши якунланганининг 80 йиллиги муносабати билан ўтказилган Ғалаба парадида иштирок этди.

Ташриф тадбирлари якунлангач, давлат раҳбари Тошкентга жўнаб кетди. Олий мартабали меҳмонларни Хитой расмийлари кузатиб қўйди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Хитой

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг