Мирзиёев ёзда Қозоғистонга боради
Жамият
−
28 Февраль
4554Шу йилнинг август ойида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистонга давлат ташрифи билан боради. У Олий давлатлараро кенгашнинг биринчи мажлисида иштирок этади. Бу ҳақда Қозоғистон Мажлисининг Халқаро ишлар, мудофаа ва хавфсизлик қўмитаси раиси Ойгул Куспан “Казинформ”га берган интервьюсида маълум қилди.
Куспан сўнгги беш йилда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги ҳамкорлик анча фаоллашганини қайд этди. Унинг айтишича, икки мамлакат Президентлари деярли ҳар йили учрашиб, ҳар сафар жуда муҳим келишувларга эришади. Муҳим ҳужжатлардан бири эса “Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисида”ги шартнома ҳисобланади. Бу ҳужжат Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида Олий давлатлараро кенгашни ташкил этишни назарда тутади.
“Кенгашнинг биринчи йиғилиши Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг давлат ташрифи доирасида жорий йилнинг 8 август куни Остона шаҳрида бўлиб ўтиши режалаштирилган”, дейди Ойгул Куспан.
Битим Қозоғистон ва Ўзбекистон раҳбарлари томонидан 2022 йил декабрь ойида Тошкентда имзоланган. Бу икки давлат ўртасидаги ҳамкорликнинг энг юқори даражасидир.
Ҳужжат икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликнинг барча йўналишлари – ўзаро товар айирбошлаш, сармоя киритиш, саноат, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, қурилиш, транзит салоҳияти ва транспорт логистикаси каби соҳалардаги ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга қаратилган.
Бундан ташқари, келишувга кўра, томонлар қуролли ҳужум хавфи вужудга келаётган вазиятни бартараф этиш бўйича зудлик билан маслаҳатлашувлар ўтказишга ва минтақавий можароларни тинч йўл билан ҳал этишда ҳар томонлама ёрдам беришга тайёр эканини билдирган.
“Эсингизда бўлса, 2022 йилда қирғиз-тожик чегарасида икки давлат ҳарбий хизматчилари ўртасида низо келиб чиққан, одамлар ҳалок бўлган эди. Бундай вазиятларда Қозоғистон ва Ўзбекистон зудлик билан маслаҳатлашиб, тинчликни тиклашга қандай ёрдам бериш ҳақида келишиб олади. Бундан ташқари, келишув табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этишда ўзаро ёрдам кўрсатишни назарда тутади”, дейди Куспан.
Қайд этилишича, Шавкат Мирзиёев мазкур ҳужжатни ратификация қилиш ҳақидаги фармонни ўтган йилнинг ноябрь ойида имзолаган эди. Қозоғистон томони ҳам тез орада уни ратификация қилади.