Мирзиёев ЕОИИ билан ҳамкорликнинг асосий йўналишларини айтди
Жамият
−
08 Май
8803Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 8 май куни Москвада Олий Евроосиё иқтисодий кенгашининг кенгайтирилган таркибдаги йиғилишида қатнашди ва нутқ сўзлади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Мирзиёев сўзининг аввалида Россия Федерацияси Президенти лавозимига киришгани муносабати билан Владимир Путин номига йўлланган қутловлар ва эзгу тилакларга қўшилишини билдирди.
"Сайловчилар юқори фаоллик билан иштирок этган мазкур сайловларда эришган ишончли ғалабангиз кўпмиллатли Россия халқининг Сизга бўлган юксак ишончини, Сиз олиб бораётган сиёсат ва мамлакатни модернизация қилиш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли дастурларни қатъий қўллаб-қувватлашини яна бир бор намоён этди. Сизга келгусида янада улкан муваффақиятлар тилайман", дейди Мирзиёев.
У мажлисда иштирок этган барча етакчиларни муҳим сана – фашизм устидан қозонилган Буюк Ғалабанинг 79 йиллиги ҳамда Евроосиё иқтисодий иттифоқи ташкил этилганининг ўн йиллиги билан қутлади.
"Бугун тонгда Москвага учишдан олдин мен Иккинчи жаҳон урушида қатнашган фахрийларимиз билан учрашдим. Минг афсуски, уларнинг сони йилдан-йилга камайиб бормоқда. Улар сизлар орқали уруш ва фронт ортида меҳнат қилган барча фахрийларга самимий табрикларини, биродар халқларимизга тинчлик, фаровонлик ва равнақ сўраб, билдирган тилакларини етказишни илтимос қилишди. Сизларга улкан мамнуният билан фахрийларимизнинг илтимосини етказаман", дейди Ўзбекистон Президенти.
Мирзиёевнинг фикрича, ҳозирги шароитда мамлакатлар ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, кооперация лойиҳаларини илгари суриш ҳамда ўзаро инвестицияларнинг ўсиши учун шароит яратиш биринчи даражадаги вазифа бўлиши керак.
"Ўтган ойда Тошкентда муваффақиятли ўтган анъанавий “Иннопром” халқаро кўргазмаси бундай ҳамкорликка ёрқин мисолдир. Кўргазмада мамлакатларимизнинг икки мингдан ортиқ етакчи корхоналари қатнашди, янги кооперация лойиҳалари бўйича юзлаб келишувларга эришилди.
Бугунги кунда ушбу халқаро форум Ўзбекистоннинг Россия ва Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо бошқа давлатлар билан бизнес соҳасидаги мулоқотларини ривожлантиришда самарали платформага айланди. Биз ушбу мулоқот майдонини янада кенгайтириш, иштирокчилар сонини ошириш, жумладан, Куба, Эрон, Миср, Бирлашган Араб Амирликлари, Мўғулистон, Вьетнам ва Индонезия каби ҳамкор мамлакатлар компанияларини бу жараёнга жалб этиш ниятидамиз", деган Президент.
Билдирилишича, Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқида кузатувчи мақомидаги уч йиллик ҳамкорлиги даврида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 60 фоизга ошган. Бунга, авваламбор, саноат маҳсулотларини етказиб беришни кўпайтириш ҳисобидан эришилган. Айни вақтда миллий валюталардаги ҳисоб-китоблар улуши ортиб бормоқда.
Мирзиёев Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ўзаро манфаатли ҳамкорлигининг устувор йўналишларига ҳақида гапирган.
"Биринчидан, Ўзбекистон ЕОИИни ривожлантиришнинг стратегик йўналишлари доирасида амалий шерикликни кенгайтириш ва тармоқларда кўп томонлама ҳамкорлик лойиҳаларини амалга оширишда янада фаол иштирок этишдан манфаатдор.
Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Евроосиё иқтисодий комиссияси ўртасида ўрта муддатдаги истиқболга мўлжалланган Қўшма тадбирларнинг янги комплекс режасини тайёрлашни таклиф этамиз.
Ишончим комилки, кузатувчи давлатларнинг лойиҳаларда тўлақонли иштирок этишини тартибга соладиган механизмнинг тезроқ қабул қилиниши ушбу ҳужжатни самарали амалга оширишга хизмат қилади.
Иккинчидан, Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо мамлакатлар билан ўзаро савдо-сотиқдаги тўсиқ ва чекловларни биргаликда бартараф этишга тайёр эканимизни тасдиқлаймиз.
2009 йилда қабул қилинган Товарлар ишлаб чиқарилган мамлакатни аниқлаш қоидаларига Ўзбекистоннинг қўшилиш жараёни бошланди.
Божхона чегараларимиз орқали олиб ўтиладиган товар ва транспорт воситалари ҳақидаги маълумотларнинг электрон алмашинувини йўлга қўйиш, санитария, фитосанитария ва ветеринария назорати борасидаги ахборот тизимларини интеграция қилиш, техник жиҳатдан тартибга солиш чораларини ўзаро мослаштириш ва электрон сертификатлашни қўллаш режасини қабул қилиш ушбу йўналишдаги аниқ амалий қадамлар бўлиши мумкин.
Учинчидан, Жанубий ва Жануби-Шарқий Осиё, Яқин Шарқ мамлакатлари бозорлари билан боғловчи “Шимол – Жануб" транспорт йўлагини ривожлантириш бўйича яқин мулоқотни давом эттириш муҳимдир.
Шу борада транспорт идоралари раҳбарларининг Термиз шаҳрида апрель ойида бўлиб ўтган Беларусь – Россия – Қозоғистон – Ўзбекистон – Афғонистон – Покистон мультимодал маршрутини ривожлантириш бўйича биринчи учрашуви самарали бўлганини мамнуният билан таъкидлаймиз.
Мамлакатларимиз ўртасида транзитга доир тартиб-таомилларни соддалаштириш мақсадида жорий этилаётган ЕОИИ божхона транзитининг ягона тизими билан Рақамли ҳамкорлик бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш тарафдоримиз.
Тўртинчидан, саноат кооперацияси соҳасидаги лойиҳалар ва талаб юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастурларини келгусида ҳам фаол қўллаб-қувватлашни мақсад қилганмиз.
Бу йўналишда, мамлакатларимиз ҳудудларида биргаликда яратилаётган саноат зоналари ва технопаркларда янги қувватларни жойлаштиришни назарда тутган ҳолда, алоҳида “йўл харитаси”ни ишлаб чиқишни таклиф қиламан. Бундай лойиҳаларга бизнесни кенг жалб этиш масалаларини жорий йилда Самарқандда бўлиб ўтадиган Ўзбекистон савдо-саноат палатаси ва ЕОИИ Ишбилармонлик кенгашининг биринчи учрашувида кўриб чиқиш мумкин.
Бундан ташқари, Бирлашма доирасида саноат кооперацияси дастурларини қўллаб-қувватлаш бўйича махсус механизм имкониятларидан фойдаланишдан ҳам манфаатдормиз.
Бешинчидан, қуйидаги муҳим йўналишларда ишларни тизимли йўлга қўйиш ва Евроосиё иқтисодий иттифоқи органлари билан ҳамкорликни кенгайтириш зарурлигини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман.
- Евроосиё Агроэкспрессини ривожлантириш, “яшил” ва сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш, қўшма агросаноат кластерлари ва логистика марказларини ташкил этишни қўллаб-қувватлаш;
- Иқлим ўзгаришининг салбий оқибатларини бартараф этиш масалаларида умумий ёндашувларни ишлаб чиқиш ва яқин ҳамкорлик қилиш. Бунда тегишли Ишчи гуруҳининг навбатдаги мажлисларидан бирини Ўзбекистонда ўтказишни таклиф этамиз;
- Мамлакатларимизда меҳнат мигрантлари фаолияти учун рақамли платформаларга уланган ҳолда, қулай шароит ва ижтимоий кафолатларни шакллантириш;
- Сайёҳлар алмашинувини кескин оширишга қаратилган қўшма туристик дастур ва маҳсулотларни ишлаб чиқиш.
Ушбу йўналишларнинг барчаси ҳамкорликнинг ўрта муддатдаги истиқболга мўлжалланган янги Режасида ўз аксини топиши мумкин, деб ҳисоблайман", дейди Ўзбекистон етакчиси
У сўзининг якунида Россия Федерацияси Президенти Владимир Путинга дўстона ва илиқ қабул учун миннатдорлик билдирган. Мирзиёев ушбу учрашув натижалари ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилиши, мамлакатлар ва халқлар ўртасидаги дўстлик ва шерикликни мустаҳкамлаш йўлида яна бир амалий қадам бўлишига ишонч билдирди.