Президент Шавкат Мирзиёев Япониядаги саммитда Афғонистон масаласига тўхталди

Жамият

image

Бугун, 20 декабрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Токиода ўтган “Марказий Осиё + Япония” мулоқотининг биринчи саммити доирасида Афғонистон масаласига тўхталди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Ўзбекистон етакчиси халқаро сиёсат ва минтақавий хавфсизлик масалалари ҳақи гапирар экан, минтақа давлатлари ва Япониянинг Афғонистонни тинч, барқарор ва бунёдкор ривожланиш сари бораётган мамлакат сифатида кўриш борасидаги интилишлари якдиллигини таъкидлаган.

Афғон халқини қўллаб-қувватлаш бўйича кўп йиллардан буён етакчи донор ва шерик мамлакатлар қаторида бўлиб келаётган Япониянинг изчил позицияси юксак баҳоланган.

Шунингдек, давлат раҳбари экология соҳасида Марказий Осиёда ҳаво сифатини яхшилаш бўйича қўшма дастурни ишга тушириш, Иқлим ўзгаришига қарши курашиш юзасидан қўшма ҳаракатлар дастурини қабул қилиш ҳамда Мулоқот доирасида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш идоралари раҳбарларининг янги шаклдаги учрашувларини ташкил этиш муҳимлигини қайд этган.

Япониянинг сейсмик хавфсизлик соҳасидаги улкан тажрибасини ҳисобга олиб, минтақада сейсмик барқарорликни баҳолаш ва ошириш бўйича қўшма дастурни ишга тушириш, Тошкент шаҳрида Япония стандартлари ва протоколлари бўйича муҳандислар, архитекторлар, қутқарув хизматларини тайёрлаш учун Минтақавий малака ошириш марказини очиш таклиф қилинган.

Маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорликни янада кенгайтириш мақсадида Ўзбекистонда келгуси йили “Марказий Осиё + Япония” форматида таълим вазирларининг биринчи йиғилишини, шунингдек, минтақадаги етакчи университетлар ректорларининг илк форумини ўтказиш, ёшлар ҳамжамиятлари ўртасида узоқ муддатли алоқаларни шакллантиришга қаратилган Ёшларни ривожлантириш минтақавий тармоқ дастурини қабул қилиш бўйича режалар тақдим этилган.

Ўзбекистон Президенти сўзининг якунида кун тартибидаги барча масалалар бўйича қарорларни қўллаб-қувватлашини билдирган.

Саммитда бошқа етакчилар ҳам нутқ сўзлаган. Тадбир якунида Токио декларацияси қабул қилинган.

Эслатиб ўтамиз, ушбу саммит доирасида Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё ва Япония ўртасида ўтказиладиган давлат раҳбарлари даражасидаги кейинги саммитни Ўзбекистон қабул қилишга тайёрлигини билдирганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Афғонистон Япония

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг