Мирзиёев Янги Наманган шаҳри қурилиши билан танишди

Жамият

image

Президент Шавкат Мирзиёев Янги Наманган шаҳри қурилиши босқичлари бўйича тақдимот билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, давлат раҳбари ташаббуси билан 2017 йилда Тўрақўрғон туманида Исъҳоқхон Ибрат номидаги ижод мактаби, боғ ва музей барпо этилган эди. Шавкат Мирзиёев 2021 йилда наманганлик сайловчилар билан учрашувда жадид бобо номида чет тиллари олийгоҳи ташкил қилиш мақсадини айтганди. Бу ҳаётга кўчиб, 2022 йилда Тўрақўрғон туманида шундай институт ташкил топди.

Институтда жаҳон тиллари факультети, 6 та кафедра ва 16 та таълим йўналиши бор. Ҳозирда икки босқичда 1 минг 523 нафар талаба сабоқ олмоқда. Келгуси йилларда уларнинг сони яна ортади. Шунинг учун Янги Наманган ҳудудида 5 гектар жойда олийгоҳ учун янги кампус қурилмоқда.

Президент ушбу бунёдкорлик ишларини кўздан кечирган. Ҳозирда минг ўринли ўқув биноси, спорт зали, ошхона қад ростлаган. Уларни шу йил августда фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Кейинги босқичларда талабалар ётоқхонаси ва яна бир ўқув биноси барпо қилиниши кўзда тутилган.

Президент шу ерда Янги Наманган шаҳри қурилиши босқичлари бўйича тақдимот билан танишди. Унинг қурилиши икки йил олдин бошланган эди. Бугунги кунда 2 минг 764 та хонадонли кўп қаватли уй-жойлар барпо этилган, яна 648 та хонадонли уйлар қурилмоқда.

Бу шаҳар 200 минг аҳолига мўлжалланган. Унда боғча, мактаб ва бошқа ижтимоий муассасалар, иш ўринлари учун саноат зонаси бўлади. “Янги Ўзбекистон” боғи ҳам шу ерда барпо этилади. Давлат раҳбари бу қулайлик, хавфсизлик, сифатли эксплуатацияни мужассам этган ақлли шаҳар бўлиши кераклигини таъкидлади. Шу боис лойиҳани яна бир бор синчиклаб кўриб чиқиш, сифат назоратини кучайтириш бўйича кўрсатмалар берилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Мирзиёев Янги Наманган шаҳри қурилиши

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг