Мирзиёев янги автобусларда юриб кўрди 

Жамият

image

Бугун, 26 май куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев “Тошшаҳартрансхизмат” акциядорлик жамияти тизимидаги 7-автобус саройини бориб кўрди.

Айтилишича, Президент автобусга ўтириб, оддий йўловчилар билан бирга йўналиш бўйлаб юриб кўрган.

У ўтган йил 13 декабрь куни пойтахтдаги 18-автобус саройида бўлиб, жамоат транспорти тизимидаги аҳволни ўзи кўрган ва янги автобуслар олиб келиш ҳамда йўловчиларга қулайликларни ошириш бўйича топшириқлар берган. Шундан келиб чиқиб, жорий йил 16 февралда Президентнинг “Жамоат транспорти тизимини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган. Бу галги ташриф чоғида Шавкат Мирзиёев соҳадаги вазифалар ижроси билан танишган.

Таъкидланишича, шу йилнинг апрель-май ойларида Тошкент шаҳрига 755 та замонавий автобус олиб келиниб, йўловчилари энг кўп йўналишларга қўйилган. Натижада автобусларнинг кунлик сони 1 минг 400 тага етган, 9 та қўшимча йўналиш очилган. Яқин кунларда яна 245 та автобус келтирилиши режалаштирилган. Жумладан, 7-автобус саройи шу пайтгача 18 та йўналишда кунига 90 минг йўловчига хизмат кўрсатиб келган. Яқинда унинг паркига 67 та янги транспорт қўшилган.

Шунингдек, мутасаддилар Президентга Тошкент шаҳрининг янгиланган Транспорт бош режаси бўйича ҳам ахборот берган. Қайд этилишича, режа шаҳарнинг кенгайиши ва йўловчилар оқими таҳлили асосида, 167 та йўналишдан иборат тарзда ишлаб чиқилган. Шундан 17 тасида кунлик режа белгилаш тартиби бекор қилиниб, босиб ўтилган масофага қараб ҳисоб-китоб тизимига ўтилган. Июнь-июль ойларида қолган 150 та йўналиш ҳам тендер савдолари орқали шундай тизимга ўтказилиши режалаштирилган. 

Бундан ташқари, Транспорт университети ва бошқа ўқув марказларида ҳайдовчиликка ўқитиш ҳамда қайта тайёрлаш йўлга қўйилган. Автобус ҳайдовчиларининг ойлик маошлари икки баробар оширилиб, йил бошидан бери мингдан зиёд ҳайдовчи ишга қабул қилинган.

Шавкат Мирзиёев автобусларга сифатли сервисни йўлга қўйиш муҳимлигини таъкидлаган. Йўлкира тўлови тизимини тартибга солиш, ҳаракат назоратини рақамлаштириш, бекатларда шароитларни яхшилаш бўйича кўрсатмалар берган.

“Янги автобуслар, албатта, халқимизга қўшимча шароит яратди. Эндиги вазифа йўлларда тирбандликни камайтириб, автобусларнинг эркин ҳаракатини таъминлаш. Пировард мақсад – Тошкентда жамоат транспорти қамровини 2 миллион йўловчига етказиш”, деган Шавкат Мирзиёев.


Мақола муаллифи

Теглар

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон автобус

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг