Мирзиёев Владимир Ким вафоти муносабати билан таъзия билдирди 

Жамият 14059
image
-

Иқтисодчи олим, Ўзбекистон Фанлар академиясининг академиги Владимир Васильевич Ким жорий йилнинг 8 апрель куни 92 ёшида вафот этди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.  

Олимнинг вафоти муносабати билан Президент Шавкат Мирзиёев, Бош вазир Абдулла Арипов, Сенат раиси Танзила Норбоева, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери Нурдинжон Исмоилов, Фанлар академияси президенти Беҳзод Йўлдошев ўз таъзияларини билдирди. 

Владимир Ким 1929 йил 25 сентябрда Россиянинг Хабаровск ўлкасидаги Бикин шаҳрида туғилган. У 1950 йилда Тошкент молия-иқтисод институти (ҳозирги Тошкент давлат иқтисодиёт университети)ни тамомлаган. 

Ким ўз меҳнат фаолиятини Самарқанд туманида назорат-тафтишчи сифатида бошлаган, кейинчалик Тошкент молия-иқтисод институтининг аспирантурасида ўқиган. Дастлаб номзодлик, сўнгра докторлик диссертациясини ҳимоя қилган. Илм-фан соҳасидаги кўп йиллик самарали меҳнати туфайли 2000 йилда Ўзбекистон Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси этиб сайланган. 

Истеъдодли олим ўзининг 60 йилдан ортиқ илмий ва педагогик фаолияти давомида Тошкент халқ хўжалиги институтида (ҳозирги Тошкент давлат иқтисодиёт университети) кафедра мудири, профессор, проректор, ректор маслаҳатчиси, Ўзбекистон Фанлар академиясида фалсафа, иқтисодиёт ва ҳуқуқ фанлари бўйича академик котиб каби масъулиятли лавозимларда фидокорона меҳнат қилган ва қишлоқ хўжалиги соҳасидаги иқтисодий муносабатларнинг долзарб масалаларини тадқиқ этиш, юқори малакали кадрлар тайёрлаш ишига муносиб ҳисса қўшган. 

Олимнинг қишлоқ хўжалиги иқтисодиёти соҳасининг назарий ва амалий масалаларига бағишланган 200 дан зиёд илмий мақолалари, 10 га яқин монографиялари Ўзбекистон ва чет эл олимлари ҳамда мутахассислари томонидан эътироф этилган. 

У “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби” фахрий унвони билан мукофотланган эди.

Рушана Султонова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 275
Рейтинг: 2.9
t
×