Мирзиёев Венгрия Президентини Ўзбекистонга таклиф қилди

Олам

image

Бугун, 4 октябрь куни Будапешт шаҳридаги Шандор саройида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Венгрия Президенти Каталин Новак билан учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашув аввалида Ўзбекистон раҳбари Фахрий меҳмонлар китобида қайд қолдирган, етакчилар биргаликда суратга тушган.

Президентлар Ўзбекистон ва Венгрия ўртасидаги кўп қиррали стратегик шериклик муносабатларини янада кенгайтириш масалалари юзасидан фикр алмашган.

Халқларнинг азалий тарихий алоқалари, муштарак қадриятлари ва ўхшаш менталитети дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш учун пойдевор бўлиб хизмат қилаётгани таъкидланган. Арминий Вамбери ва Исхак Ибрагим каби шарқшунос олимлар тарихий ришталар ва бой маданий меросни ўрганишга катта ҳисса қўшгани алоҳида қайд этилган.

Икки томонлама ҳамкорлик жадал ривожланиб бораётгани, сиёсий мулоқот чуқурлашиб, ўзаро кўмак давом эттирилаётгани, парламентлараро ва жамоатчилик алоқалари кенгайиб бораётгани мамнуният билан таъкидланган.  

Савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш устувор аҳамиятга эга экани қайд этилган. Кейинги йилларда товар айирбошлаш ҳажми қарийб уч баробар ошгани таъкидланган.

Бу борадаги ишларни фаоллаштиришда иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Венгрия ҳукуматлараро комиссияси ва 3 октябрь куни Будапештда иккинчи йиғилишини ўтказган Ўзбекистон-Венгрия Ишбилармонлар кенгаши муҳим ўрин тутмоқда.

Томонлар Ўзбекистон Европа Иттифоқининг GSP+ преференциялар тизимига қўшилгани ўзаро савдони салмоқли даражада кўпайтириш ва диверсификация қилиш учун янги имкониятлар очишини таъкидладлаган.

Ўзбекистон-Венгрия ҳамкорлигини ривожлантиришда маданий-гуманитар соҳа алоҳида ўринга эга. Венгрия Ҳукумати “Хунгарикум” дастури доирасида ўзбекистонлик талаба ва докторантлар учун ҳар йили ажратиладиган квотани 170 тагача ошириш тўғрисида қарор қабул қилгани урғуланган.

Ўзбекистон ва Венгрия олий таълим муассасалари ректорларининг иккинчи форумини ўтказиш мақсадга мувофиқлиги кўрсатиб ўтилган. 

Давлат раҳбарлари халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашдилар, кўп томонлама тузилмалар доирасидаги фаол мулоқотни ва ўзаро кўмакни давом эттириш масалаларини муҳокама қилган.

Учрашув якунида Ўзбекистон Президенти Венгрия Президентини ўзи учун қулай вақтда ташриф билан Ўзбекистонга боришга таклиф этди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Венгрия

Баҳолаганлар

120

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг