Ўзбекистон–Туркия муносабатларида янги саҳифа очилди
Жамият
−
19 Февраль 2020
6876Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған яккама-якка учрашув ва Олий даражадаги Ўзбекистон–Туркия стратегик ҳамкорлик кенгашининг биринчи йиғилишидан сўнг қўшма баёнот бердилар.
Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва унга ҳамроҳлик қилаётган делегация аъзоларини Анқарада кутиб олишдан мамнун эканлигини маълум қилиб, Ўзбекистон–Туркия стратегик ҳамкорлик кенгашининг биринчи йиғилишини ўтказиш тарихий қадам бўлганини айтди.
Ражаб Тойиб Эрдўған эртага, 20 февраль куни очилиши кутилаётган “Халқ кутубхонаси”нинг очилиш маросимига Шавкат Мирзиёевни ҳам таклиф қилганини маълум қилди.
2019 йилнинг декабрь ойида Ўзбекистонда ўтган Парламент сайловларидан сўнг янги Ҳукумат ташкил топганига эътибор қаратган Туркия раҳбари сайлов натижалари Ўзбекистон халқига муваффақият келтиришини тилади.
“Илмлари, ижодлари билан дунёга эзгулик улашган Имом Бухорий, Имом Мотурудий, Али Қушчи, Алишер Навоий каби буюкларимиз тупроқларидан салом келтирган бу инсонларнинг ташрифи биз учун жуда азиз ва қадрлидир.
Ўзбекистон билан муносабатларимизни муштарак тарих, тил ва маданиятдан куч олган, бақувват қардошлик муносабатларимизга асосланган стратегик ҳамкорлик билан мустаҳкамлаяпмиз”, деди Ражаб Тойиб Эрдўған.
Туркия раҳбари сўзида давом этаркан, Ўзбекистоннинг 2019 йилда Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгашига аъзо бўлгани, октябрь ойида Бакуда ўтказилган саммитда иштирок этганини эътироф этди.
“34 миллионлик ёш ва жўшқин аҳолига, табиий бойликларга, саноат салоҳияти ва кучли қишлоқ хўжалигига эга бўлган Ўзбекистон минтақада диққатга сазовор марказга айланиш учун дадил қадамлар ташламоқда”, дейди Туркия Президенти.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган ташаббус ва ислоҳотлар жараёни учун миннатдорлик билдирган Президент Эрдўған, ушбу кенг қамровли ислоҳотлар жараёнида Ўзбекистоннинг муваффақияти учун ҳар томонлама ёрдам беришга тайёрлигини таъкидлади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ўз навбатида Президент Ражаб Тойиб Эрдўғанга самимий меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдирди.
Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон – Туркия стратегик ҳамкорлик кенгашининг биринчи йиғилиши дўстона алоқалар тарихида янги саҳифа очгани, сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий, транспорт, маданий-гуманитар соҳаларга оид кўплаб масалалар атрофлича муҳокама қилинганини таъкидлади.
“Қардош Туркия заминида Ўзбекистон Республикаси делегациясига кўрсатилаётган ҳурмат ва эҳтиром, самимий меҳмондўстлик учун Туркия Республикаси Президенти, қадрли дўстим Ражаб Тойиб Эрдўған Жаноби Олийларига ва дўст турк халқига миннатдорлик билдираман”, деб сўз бошлади Шавкат Мирзиёев.
Ўзбекистон раҳбари сўзида давом этаркан, сўнгги икки Ўзбекистон-Туркия муносабатларида янги саҳифа очиб берганини урғулади:
“Қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масаласи мулоқотимизнинг марказий мавзуларидан бири бўлди. Туркиянинг етакчи компаниялари билан қиймати бир миллиард доллардан ортиқ бўлган янги лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда. Бу жараённи ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга келишиб олдик”.
Аксарият минтақавий ва халқаро муаммолар борасида, шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва Туркий тилли давлатлар кенгаши доирасидаги ҳамкорликка ёндашувлар муштарак экани таъкидланди. Замонавий таҳдид ва хавф-хатарларга қарши курашишда ҳам мулоқотни кучайтириш лозимлиги айтилди.
Маърифий Исломни тарғиб этиш, маданият, фан, таълим, соғлиқни сақлаш ва спорт соҳаларида биргаликда тадбирлар ўтказиш муҳимлиги қайд этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркия раҳбари Ражаб Тойиб Эрдўған билан қайси масалаларни муҳокама қилганини очиқлади. Муҳокама мавзулари орасида Афғонистон ҳам бор.
“Биз замонавий таҳдид ва хавф-хатарларга қарши курашда ҳамкорлигимизни янада кучайтиришимиз зарурлигини таъкидладик. Шунингдек, биз Афғонистонда тинчлик ва барқарорликка эришиш бўйича кенг қамровли фикр алмашдик. Ушбу мамлакатда муҳим инфратузилма ва ижтимоий лойиҳаларни амалга ошириш мамлакатларимизнинг умумий манфаатларига тўлиқ жавоб беришини қайд этдик.
Биз Туркия Республикасини халқаро майдонда ҳурмат ва эътибори тобора ортаётган мамлакат, ишончли ва муҳим ҳамкор ўлароқ алоҳида эътироф этамиз.
Келгусида қардош халқларимизнинг равнақи, тинчлик ва фаровонликни ривожлантириш, анъанавий дўстлик ва истиқболли ҳамкорликни янада янги босқичга кўтариш учун барча имкониятларни ишга солишга тайёрмиз”, дейди Шавкат Мирзиёев.
Йиғилиш сўнгида давлат раҳбарлари қўшма баёнотни имзоладилар.
LiveБарчаси