Мирзиёев Бердимуҳамедов билан келишувга эришди

Жамият 12922
image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 21 декабрь куни Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов билан телефон орқали мулоқот қилди.

Суҳбат аввалида Туркманистон Президенти Мирзиёевни Ўзбекистон МДҲга самарали раислик қилгани ва Ҳамдўстлик саммитини муваффақиятли ўтказгани билан самимий табриклади.

Жаҳон иқтисодиётидаги инқирозли ҳолатлар кучайиши ва коронавирус инфекцияси тарқалиши билан боғлиқ мураккаб шароитда Ўзбекистон Ҳамдўстликка раислик концепциясини тўлиқ рўёбга чиқаришга ҳамда кўп томонлама ҳамкорликни кенгайтириш бўйича муҳим ташаббусларни амалга оширишга муваффақ бўлгани алоҳида таъкидланди.

Президентлар икки мамлакат ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларида юксак даражага эришилганини катта мамнуният билан қайд этдилар.

Пандемия оқибатларига қарамай, савдо алоқалари ривожланмоқда, иқтисодиёт тармоқларида, энергетика, транспорт ва логистика соҳаларида ўзаро манфаатли ҳамкорлик чуқурлашиб, гуманитар алмашинувлар кенгайиб бормоқда.

Давлат раҳбарлари саноат кооперацияси бўйича янги лойиҳаларни илгари суриш учун Ҳукуматлараро қўшма комиссия ишини фаоллаштириш лозимлигини таъкидладилар.

Маданият, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларидаги фаол мулоқотларни давом эттиришга, бунда икки халқ таниқли санъат ва фан арбобларининг кенг иштирокида мамлакатларимизда қўшма тадбир ва форумлар ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилди.

Халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Ўзбекистон раҳбари Туркманистон Президентининг Халқаро тинчлик ва ишонч йили доирасида юқори даражадаги Ашхобод конференциясини ўтказиш ташаббусини қўллаб-қувватлади. Бўлажак тадбирда Ўзбекистон Республикасининг делегацияси иштирок этиши тўғрисида келишувга эришилди.

Суҳбат якунида Президентлар кириб келаётган Янги йил билан бир-бирларини самимий қутлаб, мамлакатларзнинг қардош халқларига тинчлик, фаровонлик ва равнақ тиладилар.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев ва Гурбангули Бердимуҳамедов ўртасида жорий йилнинг 11 декабрь куни ҳам телефон орқали мулоқот ўтказилганди. 

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 468
Рейтинг: 3
t
×