Эрдўған яна 5 йилга қасам ичди

Таҳлил

Бугун, 3 июнь куни Туркия раҳбари Ражаб Тойиб Эрдўған Бештападаги президентлик мажмуасида Президентликка киришиш маросимини ўтказди. Унда 78 давлатдан келган расмий шахслар, хусусан, 21 Президент ва 13 Бош вазир, шунингдек, 8 та ташкилотдан вакиллар қатнашди.

Тадбир соат 17:00 (Тошкент вақти билан 19:00)да бошланди. Туркия Республикаси асосчиси Мустафо Камол Отатурк мақбарасини зиёрат қилган Эрдўған отлиқлар қуршовида Анқаранинг Бештепа туманидагидаги президент саройига борди. 

У ерда Туркия раҳбарининг “Президентликка киришиш” маросими бўлиб ўтди. Тадбир бўладиган залда расмийлар тўпланган эди. 

Эрдўған доимгидек классик услубда ва пушти бўйинбоғ, рафиқаси Эмина Эрдўған эса оқ ва қора ранглардаги либос билан кўриниш берди. Эмина Эрдўғаннинг чап кўксига эса Туркия байроғи рамзлари – ой ва юлдуз туширилганди. 

Эрдўған олий даражадаги кўплаб меҳмонлар билан қўл бериб, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ва Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев билан эса қучоқлашиб кўришди. Яна шуни ҳам алоҳида айтиш ўринлики Мирзиёев ва Алиев Эрдўғанга бошқа Туркий давлатлар раҳбарлари – Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров ва Туркманистон раҳбари Сердар Бердимуҳамедовдан анча яқин ўтирди. Эрдўғаннинг ўнг тарафидан рафиқаси Эмина хоним, ундан кейин эса Озарбайжон биринчи хоними Меҳрибон Алиева ва Озарбайжон раҳбари Илҳом Алиев ўрин олган бўлса, Эрдўғаннинг чап ёнида Шавкат Мирзиёев ўтирди. Мирзиёевнинг ёнидан эса Эрдўғаннинг қадрдони, мамлакатнинг энг муҳим арбобларидан бири Давлат Боғчали жой олди. 

Тадбирда Мирзиёев ва Алиевга алоҳида эътибор қаратилганини уларга ажратилган ўриндан ҳам сезиш мумкин. 

Маросимда, шунингдек, Венесуэла Президенти Николас Мадуро, Болгария Президенти Румен Радев, Габон Президенти Али Бонго Ондимба, Гвинея-Бисау Президенти Умаро Сисоку Эмбало, Жанубий Африка Республикаси Президенти Сирил Рамафоса, Черногория Президенти Яков Милатович, Конго Президент Дени Сассу Нгессо, Косово Президенти Вьоса Осмони, Шимолий Кипр Турк Республикаси Президенти Эрсин Татар, Шимолий Македония Президенти Стево Пендаровски, Руанда Президенти Пол Кагаме, Сенегал Президенти Маки Салл, Сомали Президенти Ҳасан Шайх Маҳмуд, Того Президенти Фор Эссозимна Гнассингбе, Бангладеш Президенти Моҳаммад Шаҳабуддин Чуппу, Гвинея Президенти Мамади Думбуя иштирок этди. 

Қолаверса, фахрий меҳмонлар рўйхатида 13 нафар Бош вазир, жумладан, Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф, Венгрия Бош вазири Виктор Орбан, Арманистон Бош вазири Никол Пашинян ва Ливия Бош вазири Абдулҳамид Дибейбе ҳам бор. Туркий давлатлар ташкилоти Бош котиби Қубаничбек Омуралиев, НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг ва Ислом ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби Ҳусайн Иброҳим Таҳа ҳам Эрдўғанни қутловчилар сафидан ўрин олди. 

Арманистон Бош вазири Никол Пашинян шундоққина Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг ортидаги ўриндиқни эгаллади. Шавкат Мирзиёевнинг ортидаги ўриндиқда эса Президент Администрацияси раҳбари Сардор Умурзоқов, Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов ва Президенти хавфсизлик хизмати раҳбари биринчи ўринбосари Отабек Умаровни кўриш мумкин. 

Маросим бошланишидан аввал Шавкат Мирзиёев Давлат Боғчали билан узоқ суҳбатлашиб ўтирди, албатта, таржимон ёрдамида. 

Ражаб Тойиб Эрдўған Президентлардан Шавкат Мирзиёев ва Илҳом Алиев билан ўта илиқ салом-алик қилди, қучоқлашиб кўришди. 

Тадбирда сўз олган Эрдўған йўл босиб келган барча Президентларга миннатдорлик билдирар экан, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ва Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг номини алоҳида тилга олди. Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон Президентларининг исмини унутди чоғи, уларга давлати номи билан мурожаат қилди, холос. Маросим бўйи чеҳраси очилмаган Тўқаевнинг афзойи янада бузилди. 

Шу чоғда эса Эрдўған ҳаммани исми билан айтишни хоҳлашини, бироқ бунга вақти етмаслигини билдириб, йиғилган айрим давлат раҳбарларининг афзойини янада бузди.

Орадан бироз вақт ўтгач Эрдўғаннинг ёнига ёрдамчилари келиб, қоғоз узатди ва Президент унутилган исмларга мурожаат қилди ва Миллатччи ҳаракат партияси раиси Давлат Боҳчали ва биринчи тур сайловда рақиб бўлиб, иккинчи турда ўз сайловчиларини Эрдўғанга овоз беришга йўналтирган Синан Ўғанга миннатдорлик билдирди. 

Тадбир сўнгида муқаддас Қуръони Карим оятлари ўқилди, дуога қўл очилди. Шундан сўнг Эрдўған бошчилигида барча давлатлар ва ҳукуматлар раҳбарлари Чанқая саройига йўл олди. У ерда меҳмонлар шарафига кечки овқат дастурхони ёзилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Ражаб Тойиб Эрдўған Алиев

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг