Мирзиёев сайловчиларга раҳмат айтди
Жамият
−
14 Июль 2023
4242Аввалроқ, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисида Ўзбекистон Республикаси сайланган Президенти Шавкат Мирзиёев тантанали қасамёд қилиб, ўз лавозимига киришгани ҳақида хабар берган эдик.
Айни пайтда давлат раҳбари нутқ сўзламоқда. У сўзи аввалида сайловчииларга миннатдорлик билдирди.
“Менга юксак ишонч билдириб, Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайлаган барча юртдошларимга яна бир бор чин қалбимдан самимий миннатдорчилик билдираман”, дейди Мирзиёев.
Шунингдек, у Ўзбекистон Республикаси давлат байроғига, мадҳияга ва гербига, менга топширилган Президентлик Олий нишони ва байроғига юксак ҳурмат бажо келтиришини билдирди.
“Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига сайланишимни мен инсон ҳуқуқ ва эркинликларини, халқ манфаатини таъминлашга қаратилган сиёсатимизнинг яна бир юксак эътирофи сифатида қабул қиламан”, деди Президент.
Шавкат Мирзиёев Президент сайлови янгиланган Конституциямиз асосида ўтказилгани унга чинакам халқчил руҳ ва мазмун бағишлаганини таъкидлади.
"Ушбу сайловда халқимиз ўз хоҳиш-иродасини эмин-эркин билдириб, Янги Ўзбекистон учун овоз берди, деб айтишга барча асосларимиз бор.
Мамлакатимиз ҳаётидаги ғоят муҳим ва масъулиятли бу сиёсий жараён эл-юртимиз билан биргаликда танлаган ва амалга ошираётган миллий тараққиёт йўлимиз нақадар тўғри эканини яна бир марта тасдиқлади", дейди Мирзиёев.
Президент сўзида давом этаркан, халқ унга яна бир бор катта ишонч билдириб, буюк ватан тақдири учун бутун масъулиятни ишонгани учун миннатдорлик билдирди.
"Шу билан бирга, бугун елкамга қандай улуғвор масъулият олаётганимни, Ватанимиз мустақиллиги, 36 миллиондан зиёд азиз халқимнинг тинчлиги ва фаровонлиги учун шахсан жавобгар эканимни юрак-юрагимдан ҳис этиб турибман.
Мана шундай юксак ишонч учун, ҳурмат ва эътибор учун кўпмиллатли, мард ва донишманд халқимизга фарзандлик меҳри ва садоқати билан таъзим қиламан", дейди Президент.
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 9 июль куни ўтказилган муддатидан аввал президент сайловида 87,05 фоиз овоз билан ғалаба қозонди.