Мирзиёев Ўзбекистон ЕОИИ билан мулоқотни ривожлантириш тарафдори эканини айтди
Жамият
−
11 Декабрь 2020
6810Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 11 декабрь куни Олий Евроосиё иқтисодий кенгашининг видеоанжуман шаклидаги йиғилишида иштирок этди.
Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко раислигида ўтган тадбирда кенгашнинг Фахрий Раиси, Қозоғистон Республикасининг Биринчи Президенти – Элбоши Нурсултон Назарбоев, Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин, Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Қирғиз Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Талант Мамитов ва Арманистон Республикаси Бош вазири Никол Пашинян иштирок этди.
Бундан ташқари, учрашувда Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) ҳузуридаги кузатувчи давлат раҳбари сифатида Молдова Республикаси Президенти Игорь Додон ҳамда таклиф этилган Куба Республикаси Президенти Мигель Диас-Канель Бермудес қатнашди.
Саммит кун тартибига мувофиқ Ўзбекистон Республикасига ЕОИИ ҳузуридаги кузатувчи давлат мақомини бериш масаласи кўриб чиқилди, шунингдек, бирлашма доирасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг долзарб жиҳатлари муҳокама қилинди.
Президент Шавкат Мирзиёев ўз нутқида Ўзбекистоннинг кузатувчи мақомини олиш тўғрисидаги мурожаати қўллаб-қувватлангани учун самимий миннатдорлик билдириб, ЕОИИнинг халқаро нуфузи тобора ортиб бораётгани, ташкилотнинг хорижий мамлакатлар билан амалий ҳамкорлик географияси кенг эканини алоҳида таъкидлади.
Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг миқёсли ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бугунги муҳим босқичида Ўзбекистон барча халқаро шериклар билан савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни изчил кенгайтириб бориш, шу жумладан Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан мулоқотни ривожлантириш тарафдори экани қайд этилди.
Бу қуйидаги муҳим омиллар билан изоҳланади.
ЕОИИ мамлакатлари, энг аввало, Ўзбекистоннинг асосий, табиий савдо шерикларидир. Кейинги йилларда мамлакатнинг ташкилот давлатлари билан товар айирбошлаш ҳажми икки баробар ортган.
Мамлакатлар иқтисодиётлари кўп жиҳатдан бир-бирини тўлдириб туради, турли тармоқларда самарали кооперация ва мингдан ортиқ қўшма корхоналар фаолияти йўлга қўйилгани бундан далолат.
Ўзбекистон ва ЕОИИга аъзо давлатларнинг транспорт коммуникациялари ва инфратузилмаси чуқур интеграциялашган ва ўзаро яқиндан боғланган.
Бундан ташқари, кенг Евроосиё минтақаси доирасидаги ўзаро манфаатли муносабатларга меҳнат ресурсларининг юқори даражадаги мобиллиги хосдир.
Ўзбекистон раҳбари мамлакатлар иқтисодиётларининг улкан салоҳиятидан тўлиқ ҳажмда фойдаланиш, савдо муносабатларидаги тўсиқ ва ғовларни биргаликда бартараф этиш, ўзаро саъй-ҳаракатлар билан янги бозорларни шакллантиришга чақирди.
Ўзбекистон саноат кооперациясини кенгайтириш, илғор тажриба ва инновацион ёндашувлар асосида қўшилган қиймат яратишнинг барқарор занжирларини шакллантиришдан манфаатдор экани таъкидланди.
Транспорт ва транзит соҳасида ўзаро мувофиқлашган ёндашувларни ишлаб чиқиш муҳимлигига алоҳида эътибор қаратилди. Бу эса транспорт йўлакларини янада фаол ишга солиш, уларнинг рақобатбардошлиги ва қувватини салмоқли даражада оширишга ёрдам беради.
Меҳнат миграцияси соҳасида яқиндан ҳамкорлик қилиш муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди. Бу аҳоли бандлиги билан боғлиқ кўплаб долзарб масалаларни ҳал қилиш ҳамда иштирокчи давлатлар иқтисодиётларининг малакали мутахассисларга тобора ортиб бораётган эҳтиёжини таъминлашга хизмат қилади.
Юқорида қайд этилган барча омиллар мамлакатимизнинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан кузатувчи давлат мақомида ҳамкорлик қилиши тўғрисидаги таклиф Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан маъқулланиши учун асос бўлди.
Таъкидланганидек, бу амалий ва кўп қиррали муносабатларнинг сифат жиҳатидан янги босқичига чиқиш, ташкилот доирасида рўй бераётган муҳим жараёнларни янада чуқур ва аниқ тушуниш имконини беради.
Шавкат Мирзиёев сўзининг якунида бундай шерикликни ривожлантириш мамлакатларнинг миллий манфаатларига жавоб бериши, тенг ҳуқуқлилик, ўзаро фойда ва манфаатларни ҳисобга олиш принципларига асосланган бўлиши лозимлигини алоҳида таъкидлаган.