Мирзиёев Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисини қабул қилди

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназаровни қабул қилди. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар берди.

Мулоқотда диний-маърифий йўналишларда, буюк аждодлар илмий меросини ўрганиш ва ўзбек халқига етказиш борасида амалга оширилаётган ишлар сарҳисоб қилинди.

Бугунги таҳликали дунёда ўзбек халқи, айниқса, ёшларга ислом моҳиятини тўғри тушунтириб бериш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш ҳар қачонгидан долзарб аҳамият касб этмоқда. Шу боис мамлакатда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, диний таълим сифатини янада ошириш, ушбу йўналишдаги илғор халқаро тажрибани ўрганиб, юртимиздаги диний таълим муассасалари фаолиятига татбиқ этиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 21 мартдаги қарорига мувофиқ, мамлакатда муборак Рамазон ойи файзли ва шукуҳли ўтди. Инсонларни яхшилик ва меҳру саховатга, бугунги тинч ва осойишта ҳаётни қадрлашга ундайдиган маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилди.

Давлат раҳбарининг ташаббуси билан барча имом-хатиблар иштирокида маҳаллалардаги 1 миллиондан зиёд кам таъминланган аҳолининг уйида ифторликлар уюштирилди. “Вақф” хайрия жамоат фонди ҳисобидан ёрдамга муҳтож фуқароларга 2 миллиард 446 миллион сўмлик хайру эҳсонлар қилинди.

Бу йилги Рамазон ойидаги яна бир муҳим янгилик 1 минг 400 нафар кам таъминланган фуқароларнинг давлат томонидан умра зиёратига юборилиши бўлди. Улар муқаддас манзилларда туриб, ўзбек халқига тинчлик, файзу барака тилаб хайрли дуолар қилдилар.

Президент жамиятда диний бағрикенгликни янада мустаҳкамлаш, фуқароларнинг виждон эркинлигини кафолатлаш бўйича ўз фикрларини билдирди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев муфтий Нуриддин Холиқназаров

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг