Мирзиёев Ўзбекистон аёлларини безовта қилаётган энг катта масала нималигини айтди

Жамият

image
Мирзиёев бир гуруҳ хотин-қизларни мукофотлади (фото) north_east

Мирзиёев бир гуруҳ хотин-қизларни мукофотлади (фото)

Ўзбекистондаги 1,5 млн аёлда скрининг ўтказилади north_east

Ўзбекистондаги 1,5 млн аёлда скрининг ўтказилади

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакат аёлларини безовта қилаётган энг катта масала ишсизлик эканини айтди. Бу ҳақда у бугун, 7 март куни Кўксарой қароргоҳида 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан бўлиб ўтган тантанали маросимда сўз очди. 

У хотин-қизлар бандлигини таъминлаш ва тадбиркорликка жалб этиш бўйича катта дастурлар амалга оширилаётганини билдирди. Ўтган йилнинг ўзида бу мақсадларга 17 триллион сўм кредит ажратилган. Ана шундай эътибор туфайли аёл тадбиркорлар ўтган йили 81 триллион сўмлик маҳсулот яратиб, 450 миллион долларлик экспортни амалга оширган. Масалан, Навоий шаҳрида қандолат ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи тадбиркор Шаҳноза Каримова 50 нафар эҳтиёжманд хотин-қизни ўқитиб, ишга олган. Шулардан 10 нафарига уй-жой сотиб олиш учун бошланғич тўловни тўлаб берган.

“Энг муҳими, бундай саховатпеша тадбиркор аёллар барча ҳудудларимизда кўплаб топилади. Улар “Мен – бунёдкор аёлман” деган лойиҳани илгари суриб, маҳаллаларда минглаб аёлларни касб-ҳунарга ўқитиб, даромадли қилиш ташаббусини билдиргани, тўғриси, мени жуда руҳлантирди.

Мен ўзига катта ижтимоий масъулият олган мана шундай ишбилармон хотин-қизларни “Янги Ўзбекистоннинг бунёдкор аёллари” деб биламан ва уларга чуқур миннатдорлик изҳор этаман. Уларга қандай қўшимча шароит ва енгилликлар керак бўлса, яратиб беришга тайёрман.

Президент шу борадаги амалий қадам сифатида Савдо-саноат палатаси ҳузурида Тадбиркор аёллар кенгашини ташкил этишни таклиф қилди. Ушбу кенгаш жойларда аёл тадбиркорларни қийнаётган ҳаётий муаммоларни ҳал қилиш бўйича тўғридан тўғри парламент олдига масала қўяди. Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари Нодира Шотурсунова бу ишларга бош-қош бўлиши айтилди.

Билдирилишича, бу йил 2 миллион нафар аёллар бандлигини таъминлаш, шундан 1 миллион 300 минг нафар хотин-қизни тадбиркорликка жалб этиш бўйича катта марралар олинган. Бунинг учун тижорат банклари томонидан аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш учун қулай молиявий пакетлар тақдим этилади.

Мисол учун, “Миллий банк” хизматлар соҳасида камида 200 минг нафар хотин-қизнинг лойиҳаларига кўмаклашади. “Туронбанк” АТБ лимончиликда 150 минг нафар аёллар даромад топиши учун арзон кредитлар тақдим этади. Худди шунингдек, “Микрокредитбанк” АТБ паррандачиликда – 160 минг нафар, “Саноат қурилиш банк” АТБ (А.Акбаржонов) сабзавот ва кўчатлар етиштиришда – 160 минг, “Халқ банки” узум, брокколи ва маҳаллий карам етиштиришда – 150 минг, “Агробанк” боғдорчилик йўналишида – 144 минг, “Бизнесни ривожлантириш банки”  кўкат, булғор қалампири, бақлажон ва помидор етиштиришда – 94 минг, “Асакабанк” фармацевтика ва узумчиликда – 82 минг, “Алоқабанк” IT, асаларичилик ва мевали экинлар етиштиришда 58 минг нафар аёлларимизни банд этишга кўмаклашади.

Шу мақсадда бу йил маҳаллаларда аёллар тадбиркорлиги лойиҳалари учун қўшимча 3,3 триллион сўм ажратилади. Хусусан, оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида яна 100 миллион доллар берилади. Бунга қўшимча равишда тижорат банклари ҳам 100 миллион доллар жалб қилиб, маҳаллаларда ўзини ўзи банд қилган хотин-қизларга 50 миллион сўмгача гаровсиз кредитлар ажратади.

Ўтган йили ташкил этилган “Ҳамроҳ” компанияси янги тизим асосида Тадбиркор аёлларни қўллаб-қувватлаш дастурини бошлаган эди. Бу лойиҳага ҳам 100 миллион доллар ажратилган. Кредитини вақтида тўлаган аёл тадбиркорларга ушбу дастур доирасида 100 миллион сўмгача гаровсиз кредит бериш бошланади.

Шунингдек, маҳаллада 5 нафар аёлни бизнесга олиб кирган 1 минг нафар “устоз” тадбиркорларга 50 миллион сўмгача грант ажратилади.

Марказий банк тижорат банклари билан бирга икки ой муддатда банкларда хотин-қизлар учун янгича ёндашув асосида молиявий хизматларни йўлга қўйиш учун масъул бўлади. Масалан, туғруқ таътилига чиққан аёллар учун банк кредитлари бўйича тўловлар муддати 10 ойгача узайтирилади.

“Энди аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш бўйича 4 босқичли янги тизимни йўлга қўямиз.

Биринчи босқичда бизнесга қизиққан, лекин кўникмаси бўлмаган 20 минг нафар хотин-қиз тадбиркорликка ўқитилади. Бунга Савдо-саноат палатаси (Д.Ваҳобов, Н.Шотурсунова) масъул бўлади.

Иккинчи босқичда “Халқ банки” (Ш.Отабоев, Г.Рашидова) ўзини ўзи банд қилган 100 минг нафар аёлнинг кичик тадбиркор бўлиши учун кўмаклашади.

Учинчи босқичда ҳар бир туманда 2 тадан кичик корхонани намунали ўрта бизнес даражасига олиб чиқишга “Ҳамроҳ” компанияси (Д.Нурматова) масъул бўлади.

Тўртинчи босқичда Савдо-саноат палатаси (Д.Ваҳобов) энг фаол 50 нафар аёл тадбиркорни йиллик айланмаси 100 миллиард сўмдан ошадиган “чемпион тадбиркор”га айлантиради”, деди Президент.

Қайд этилишича, жорий йилда 60 та туманни “ишсизлик ва камбағалликдан холи ҳудуд”га айлантириш бўйича катта марра олинган. Бунга қўшимча равишда ҳокимлар ҳар бир вилоятнинг 2 тадан туманини ишсиз аёллар қолмайдиган ҳудудга айлантириш учун масъул бўлади. Умуман, 2025 йил аёллар бандлигини таъминлашда ҳал қилувчи йил бўлади.

Хотин-қизларни касб-ҳунарга ўқитиш, ишли қилиш ва тадбиркорликни ривожлантириш ҳисобидан 2 миллион нафар аёлнинг бандлиги таъминланади.

“Бунда Марказий банк (Т.Ишметов) тижорат банклари билан 1 миллион 300 минг нафар, Касаба уюшмалари федерацияси (Қ.Рафиқов) “Аёллар дафтари”га киритилган 636 минг, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси (З.Маҳкамова) тадбиркорлик қилиш истагида бўлган 100 минг нафар хотин-қизни ўқитиб, иш билан таъминлаш ва бизнесини очишга кўмаклашиш учун масъул бўлади.

Зулайҳо Маҳкамова, Қудратилла Рафиқов бугун айтилган ҳар бир йўналиш бўйича белгиланган вазифалар ижросини вилоят, туман, маҳалла даражасида самарали ташкил этишга масъул бўлади.

Сенат Раиси Танзила Норбоева маҳаллий кенгашлар билан бирга бу ишларни тизимли назоратга олиб, масъуллар иштирокида уларни мунтазам муҳокама қилиб боради”, деди Мирзиёев.


Мақола муаллифи

Теглар

тадбиркорлик Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон хотин-қизлар аёллар ишсизлик аёл тадбиркорлар аёллар ишсизлиги аёллар тадбиркорлиги

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг