Мирзиёев Ўзбекистон аёлларини байрам билан табриклади

Жамият

image

Бугун, 7 март куни Тошкент шаҳрида Халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам иштирок этди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

“Биз ҳар йили бу кунни интиқлик, қалбимизда ажиб илиқлик билан кутамиз. Ушбу шукуҳли айёмда ҳаммамиз бизни дунёга келтирган, оқ сут бериб, меҳр ва тарбия бериб вояга етказган буюк она сиймосига, мўътабар аёл зотига таъзим қиламиз. Зеро, инсон қадрини улуғлаш аввало азизу мукаррама аёлларимизни улуғлашдан бошланади”, дейди Президент.

Қайд этилишича, мамлакатимда шу мақсад йўлида кўп ишлар қилинмоқда. Жумладан, сайлов кодексида депутатликка номзодларнинг камида 40 фоизи ёки ҳар 5 нафаридан 2 нафари аёл киши бўлиши зарурлиги белгиланган. Ҳозирги вақтда хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги улуши 2017 йилдаги 27 фоиздан 35 фоизга ошган.

Таъкидланишича, сўнгги 5 йил ичида Ўзбекистонда ишбилармон аёллар сафи икки баравар кенгайиб, ўз бизнесини йўлга қўйган тадбиркор хотин-қизлар сони 205 мингдан ошган. Шунингдек, 200 мингга яқин аёллар касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитилган. 400 мингдан кўпи иш билан таъминланган.

Шунингдек, ҳозирги кунда олийгоҳларда таълим олаётган 1 миллион 300 минг нафарга яқин талабанинг ярмидан кўпини қизлар ташкил этмоқда. Эҳтиёжманд оилаларга мансуб хотин-қизлар қўшимча давлат гранти бўйича ўқишга қабул қилинмоқда. Улар учун имтиёзли таълим кредитлари ажратиш, ижтимоий ҳимояга муҳтожларнинг контракт пулини қоплаб бериш йўлга қўйилган. Сўнгги етти йилда 5 минг 247 нафар аёллар илмий даражалар олган. “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида таълим олган ёшларнинг 47 фоизини қизлар ташкил этган.

“Қанчалик қийин бўлмасин, биз қўшимча имконият топиб, ижтимоий соҳаларни ривожлантириш, хотин-қизларимизнинг ўз салоҳиятини рўёбга чиқаришлари учун шароит яратмоқдамиз ва бу ишларимиз албатта давом этади. Чунки аёлларнинг, хусусан, қиз боланинг ўқиб, олий маълумотли бўлиши, касб-ҳунар эгаллаши оила бахти, фарзандлар камоли учун, шу асосда бутун жамият равнақи учун хизмат қилади”, деган Шавкат Мирзиёев.

Президент Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили давлат дастурида белгиланган, хотин-қизларнинг соғлиғини мустаҳкамлаш, бандлигини таъминлаш, аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш, ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга қаратилган вазифаларга тўхталиб ўтди. Бу борада Сенат Раиси бошчилигида махсус комиссия тузилиб, хотин-қизларни касб-ҳунарга ўқитиш, бандлигини таъминлаш ва тадбиркорликка жалб қилиш бўйича ишлар мутлақо янгича ёндашувлар ва тизим асосида ташкил қилинади.

Билдирилишича, вилоят, туман, шаҳар ҳокимлари, ҳокимликларнинг хотин-қизлар ишлари бўйича ўринбосарлари ҳамда фаол аёллар Комиссия билан биргаликда жорий йилда 9 442 та маҳалладаги 580 мингга яқин ишсиз аёлларнинг бандлигини таъминлашга масъул этиб белгиланади.

Умуман, бир ой муддатда хотин-қизларни тадбиркорликка кенг жалб қилиш бўйича алоҳида дастур қабул қилиниб, лойиҳаларни амалга ошириш учун 15 триллион сўм ажратилади. Бундан ташқари, Саудия Арабистони, Қатар, Япония, Жанубий Корея ва Германиядан 100 миллион доллар грант жалб қилинади.

“Биз маънавий тарбия ишларини энди мутлақо янгича усулда олиб боришимиз керак. “Эзгулик – шиоримиз, маърифат – қуролимиз” деган ғоя асосида бу жараённи аввало оиладан, маҳалладан бошлашимиз лозим. Зотан, ҳадиси шарифда айтилганидек, “Ота-она ўз фарзандига яхши тарбиядан бошқа мерос қолдиролмайди”. Муҳтарама опа-сингилларимиз, дуогўй онахонларимизнинг масъулияти – айнан ана шу масалаларда яққол намоён бўлади”, дея таъкидлади Президент.

Жаҳон банкининг куни кеча эълон қилинган индексида Ўзбекистон гендер тенглик соҳасида дунёдаги энг тез ривожланаётган 5 та мамлакат қаторида қайд этилди. Жорий йилда мамлакатда яна бир йирик анжуман – Осиё хотин-қизлар форумига мезбонлик қилади.

Президент байрам тадбирида қатнашаётган хорижий давлатларнинг элчилари ва халқаро ташкилотлар вакилаларини ҳам самимий қутлади.

Ўзбекистон Президентининг 4 мартдаги қарорига биноан эса 28 нафар қиз Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан, 5 мартдаги фармонга мувофиқ турли соҳаларда фаол бўлган аёллар орден ва медаллар билан тақдирланган эди. Тадбирда ана шу мукофотлар тантанали равишда топширилди.

Мамлакатнинг турли ҳудудларидан ташриф буюрган хотин-қизлар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакилалари файзли дастурхон атрофида байрамни нишонлаган. Байрам тантанали концерт дастури билан давом этди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг