Мирзиёев Ўзбек тили байрами муносабати билан Ўзбекистон халқини табриклади

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 21 октябрь – Ўзбек тили байрами муносабати билан мамлакат халқига табрик йўллади. 

Президент табрик аввалида ўзбек тилининг асрлар синовидан безавол ўтиб келаётган буюк ва бебаҳо маънавий бойлик экани, ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги ўрни ва аҳамиятини ошириш, уни замон талаблари асосида ривожлантириш масаласи миллий ўзликни англаш, миллат руҳини сақлаб қолиш, ёруғ келажакни таъминлашнинг энг муҳим омили эканини айтиб ўтди.

Шу билан бирга, Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти фаолияти замон талаблари асосида ташкил этилиб, барча соҳаларда давлат тилида иш юритиш сифатини яхшилаш, хусусан, ахборот-коммуникация йўналишида уни фаол қўллаш борасида ижобий натижаларга эришилаётгани қайд этилган.

“Маълумки, ҳар қандай тилни ўрганиш ва ривожлантиришда, биринчи навбатда, унинг назарий-методик асослари катта ўрин тутади. Шу нуқтаи назардан қараганда, кейинги йилларда “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”, “Алишер Навоий қомуси”, “Заҳириддин Муҳаммад Бобур энциклопедияси”, “Фалсафа” қомусий луғати, “Ўзбекистон юридик энциклопедияси”, “Ислом энциклопедияси”, “Маънавият: асосий тушунчалар луғати”, “Педагогика: энциклопедия”, “Тарих атамалари луғати”, “Адабиётшунослик луғати”, “Юридик атамалар луғати” каби 40 дан зиёд фундаментал китоблар нашр этилгани бу йўлдаги муҳим қадам бўлди”, дейди Мирзиёев.

Шулар қаторида ўзбек тилининг электрон миллий корпуси ва дастурий маҳсулотларнинг ўзбекча иловаларини яратиш, ўзбек тилини Интернет тармоғида оммалаштириш ва муносиб ўрин эгаллашини таъминлаш, давлат тилини ўргатишга ҳамда матн таҳририга мўлжалланган дастурларни ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ қилиш бўйича ҳам жиддий ишлар олиб борилаётгани эътироф этилган.

Президент лотин графикаси асосидаги алифбони такомиллаштириш ишлари давом этаётганини ҳам маълум қилган.


“Ушбу масала юзасидан халқимиз, жамоатчилигимиз томонидан билдирилган барча таклиф ва тавсиялар жиддий ўрганилиб, муҳокамадан ўтганидан сўнг тегишли қонун лойиҳасини яна бир бор кўриб чиқиб, парламентга киритиш мақсадга мувофиқдир”, дейди у.

Жумладан, бугунги кунда Ўзбекистонда таълим 7 тилда олиб борилмоқда. Республикадаги мавжуд 1453 та оммавий ахборот воситаси ҳамда юзлаб веб-сайтлар орқали қорақалпоқ, рус, қозоқ, тожик, туркман, корейс, турк, араб, инглиз, немис ва бошқа тилларда ҳам материаллар эълон қилинмоқда.

Табрик матнида Президент Ўзбекистонни тенглик, дўстлик ва бағрикенглик диёрига айлантириш мақсадида турли миллатга мансуб фуқароларнинг тил соҳасидаги ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган ишлар изчил давом эттирилишини маълум қилган.

“Фурсатдан фойдаланиб, ўзбек тилининг ҳақиқий фидойиси ва дўсти бўлган барча заҳматкаш ва жонкуяр инсонларга чин қалбимдан миннатдорлик билдираман”, дейди Президент табрик якунида.


Мақола муаллифи

Теглар

табрик Мирзиёев

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг