Мирзиёев уруш фахрийлари ҳолидан хабар олди
Жамият
−
08 Май
7961Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 8 май куни Мудофаа вазирлигининг Марказий ҳарбий клиник госпиталига бориб, уруш қатнашчилари ҳолидан хабар олди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
“Ускан ота Хаджиманов Боёвут туманидан, Файзулла ота Нурматов Оққўрғон туманидан, Анарбой ота Жалилов Паркент туманидан, Муҳиддин ота Дусанбаев Ўрта Чирчиқ туманидан келиб даволанмоқда. Улар ҳаётидан рози экани, давлатимизнинг ва одамларнинг ҳурматидан хурсанд эканини айтишди. Саломатликлари туман тиббиёт бирлашмасининг доимий назоратида, бепул дори-дармон ва ҳар йили санаторийларга йўлланмалар берилади”, дейилади хабарда.
Нуронийлар Президентга невара-чевараларининг ўқиш ва ишлари, ютуқлари ҳақида сўзлаб берди. Улар таълим, қурилиш, ички ишлар, қишлоқ хўжалиги каби турли соҳаларда самарали меҳнат қилиб, мамлакат равнақига ҳисса қўшмоқда. Ёшлар замонавий билим олиб, чет элларга ўқишга кетмоқда. Боболар уларни тинчликнинг қадрига етиш, ватанпарварлик, меҳнатсеварликка даъват этиб келади.
“Ҳамма ҳаракатларимиз халқимизни рози қилиш учун. Ислоҳотлар натижаси энг қуйига, ҳар бир хонадонга кириб боришини истаймиз. Режаларимиз ҳам катта. Ҳамма жипслашса, биргаликда ҳаракат қилса, ўйлаган ниятларимизга тезроқ етишамиз. Сиздек нуронийларнинг дуолари бунда бизга мададкор бўлади. Сизларнинг ҳаётингиз ирода, жасорат мактаби, гапларингиз ёшларга ибрат”, дейди Шавкат Мирзиёев.
Отахонлар меҳр-эътибор учун давлат раҳбарига раҳматлар айтди. Дунёнинг тинчлиги, ёшларнинг порлоқ келажагини сўраб дуолар қилди.
Билдирилишича, госпиталда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари муносиб парвариш қилинмоқда. Бу муассаса мукаммал таъмирланиб ва янги бинолар қурилиб, 2022 йил фойдаланишга топширилган. Госпиталь жами 700 ўринга мўлжалланган бўлиб, бу ерда ҳарбий хизматчилар, уларнинг оила аъзолари, соҳа фахрийлари бепул даволанади. Бунинг учун 286 хил диагностик текширув, 600 дан ортиқ амалиётлар йўлга қўйилган, 30 га яқин ихтисослашган бўлимлар ташкил этилган.
LiveБарчаси