Мирзиёев Тўпаланг ГЭСни кўздан кечирди

Жамият

image

Бугун, 16 ноябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев Сурхондарё вилоятидаги Тўпаланг гидроэлектр станциясига бориб, модернизация ишларини кўздан кечирди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди

Маълум қилинишича, давлат раҳбари Тўпаланг ГЭСнинг ишлаш жараёни билан яқиндан танишган. Шундан сўнг манзилда Тўпаланг дарёси негизида гидро энергетика қувватларини ошириш бўйича тақдимот ўтказилган. 

Унга кўра, келгуси йилларда дарёнинг юқори қисмида қурилиши мўлжалланган 20 та истиқболли лойиҳа шакллантирилган. Уларнинг умумий қуввати 264 мегаваттга етиши қайд этилган.

Президент бу ишларни кенгайтириб, ҳар бир сой, имконияти бор ҳар бир маҳаллада микро ГЭСлар барпо этиш мумкинлигини таъкидлаган.

Шунингдек, давлат раҳбарига Сурхондарёда кўмир қазиб олиш имкониятлари бўйича ахборот берилган. Унда қайд этилишича, ҳудудда 82 миллион тонна кўмир захираси аниқланган. Бугунги кунда эса уларнинг фақат 541 минг тоннаси қазиб олинаётгани, бу ҳажмни келгусида 2 миллион тоннага етказиш кераклиги айтиб ўтилган. Бундан ташқари, соҳада мутахассислар тайёрлаш зарурлиги ҳам кўрсатиб ўтилган.

Маълумот учун, Тўпаланг гидроэлектр станцияси 2006 йилда ишга туширилган, ўша пайтда унда жами 30 мегаватт қувватли иккита агрегат бўлган.

Давлат раҳбари 2019 йил апрелда бу ерга ташриф буюрганида, яна иккита гидроагрегат қуриш юзасидан топшириқ берган. Шу тариқа аввалига сув омбори тўғони қўшимча 20 метрга кўтарилди. Натижада унинг сиғими 380 миллион куб метрдан 500 миллионга етказилди. Замонавий технологиялар асосида қурилиш-монтаж ишлари олиб борилиб, жами қуввати 145 мегаваттли иккита агрегат ўрнатилди.

Бунинг натижасида Тўпаланг ГЭСининг умумий қуввати 175 мегаваттга етиб, Чорвоқ ГЭСидан кейин мамлакатимиздаги иккинчи йирик станцияга айланди.


Мақола муаллифи

Теглар

Сурхондарё Шавкат Мирзиёев ГЭС Тўпаланг

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг