Мирзиёев Тўқаевга Жамбилдаги фожиали воқеа юзасидан ҳамдардлик билдирди

Жамият 4688
image

Бугун, 27 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев билан телефон орқали мулоқот қилди.

Суҳбат аввалида давлат раҳбари Қозоғистон Президентига Жамбил вилояти Бойзоқ туманида рўй берган фожиали воқеа оқибатида инсонлар қурбон бўлгани муносабати билан самимий ҳамдардлик билдирди. Ўзбекистон Қозоғистонга фавқулодда ҳодиса оқибатларини бартараф этишда зарур кўмак кўрсатишга тайёр экани таъкидланди.

Ўзбекистон-Қозоғистон муносабатларининг долзарб масалалари кўриб чиқилди. Кўп қиррали ҳамкорлик ижобий суръат билан ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Савдо, саноат, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва логистика, туризм соҳаларида кооперация лойиҳалари, маданий-гуманитар алмашинув дастурларини илгари суриш муҳим экани таъкидланди.

Президентлар, шунингдек, минтақа кун тартиби, аввало, Афғонистондаги вазиятнинг кескинлашиши юзасидан фикр алмашдилар. Марказий Осиёда хавфсизликни таъминлаш масалаларида яқиндан ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олинди.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 26 август куни Қозоғистоннинг Жамбил вилояти Байзоқ туманида жойлашган ҳарбий қисмда портлаш содир бўлган эди. Сўнгги хабарларга кўра, ҳодиса оқибатида 5 нафар ҳарбий хизматчи ҳалок бўлган.

Фаррухжон Муродқулов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 124
Рейтинг: 3
t
×