Мирзиёев Тўқаев билан тор доирада учрашув ўтказди

Олам

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев тор доирада музокара ўтказдилар.

Учрашув аввалида Ўзбекистон раҳбари қозоғистонлик мавқедоши ва кўп миллатли Қозоғистон халқини 16 декабрь куни нишонланган Мустақиллик куни билан самимий табриклаган.

Етакчилар ушбу музокаралар Ўзбекистон-Қозоғистон стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари ривожига янги кучли суръат бағишлашига ишонч билдирдилар.

Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Ўзбекистоннинг энг яқин ва ишончли ҳамкори эканини таъкидлаган.

“Ўзбек ва қозоқ халқлари – нафақат яқин қўшни, балки муштарак тарихий мерос, маданий ва маънавий қадриятлар билан боғланган қардошлардир. Бу бизнинг бебаҳо бойлигимиз, биз уни қадрлаймиз ва қадрлашда давом этамиз. Бизнинг тақдиримиз бир, келажагимиз ҳам умумий, мен бунга ишонаман”, деган Шавкат Мирзиёев.

Қайд этилишича, сиёсий, савдо-иқтисодий, энергетика, қишлоқ хўжалиги, сув ва бошқа соҳалардаги муносабатларни тубдан кенгайтириш масалалари музокараларнинг асосий мавзуси бўлган.

Кейинги олти йилда ҳамкорликнинг барча йўналишларида сезиларли муваффақиятларга эришилгани таъкидланган. Икки мамлакат ҳукуматлари, вазирлик ва идоралари, ҳудудлари ўртасидаги мулоқотлар мунтазамлик касб этган.

Давлат раҳбарлари қарийб 5 миллиард долларга етган ўзаро савдо ҳажми жадал ортиб бораётганини мамнуният билан қайд этган. Йирик кооперация лойиҳалари муваффақиятли амалга оширилмоқда.

Минтақавий ва халқаро кун тартиби юзасидан фикр алмашилди, Марказий Осиёнинг барқарор тараққиётини таъминлаш масалалари муҳокама қилинган.

Кўп томонлама тузилмалар доирасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни бундан буён ҳам давом эттиришга интилиш қатъий экани таъкидланган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

32

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг