Мирзиёев Тўқаев билан телефон орқали мулоқот қилди
Жамият
−
09 Май 2022
3835Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 9 май куни Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев билан телефон орқали мулоқот қилди.
Суҳбат аввалида давлат раҳбарлари бир-бирини, мамлакатларнинг биродар халқлари ва фахрийларини Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалаба куни билан самимий муборакбод этиб, сиҳат-саломатлик, бахт-саодат ва фаровонлик, тинчлик ва равнақ тилаганлар.
Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилган. Ўзаро савдо ва инвестициялар кўрсаткичлари изчил ошиб бораётгани, парламентлар, ҳукуматлар ва ҳудудлар ўртасидаги алоқалар фаоллашгани мамнуният билан қайд этилган.
Савдо, саноат кооперацияси, транспорт ва логистика, энергетика, инфратузилма ва бошқа устувор йўналишлардаги қўшма лойиҳа ва дастурларни илгари суришга алоҳида эътибор қаратилган.
Президентлар минтақавий кун тартибининг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашиб, бўлажак олий даражадаги икки ва кўп томонлама тадбирлар режасини кўриб чиқдилар.