Мирзиёев Тожикистон Бош вазирини қабул қилди
Жамият
−
12 Май 2023
4007Бугун, 2 май куни Президент Шавкат Мирзиёев қўшма Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилишида иштирок этиш учун мамлакатда бўлиб турган Тожикистон Бош вазири Қоҳир Расулзодани қабул қилди. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, қабул жараёнида Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасидаги яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилиб, амалий ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинган.
Суҳбат аввалида Бош вазир Қоҳир Расулзода Ўзбекистон раҳбарига Тожикистон Президенти Имомали Раҳмоннинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказган.
Учрашувда икки томонлама ҳамкорлик олий даражада эришилган келишувларга мувофиқ жадал ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилган.
Маълум қилинишича, икки давлат ўртасидаги ўзаро савдо ва юк ташиш ҳажми ортмоқда, муваффақиятли кооперация лойиҳалари кўпаймоқда ҳамда яқин ҳудудлараро алоқалар йўлга қўйилиб, маданий-гуманитар алмашинувлар фаол амалга оширилмоқда.
Шунингдек, учрашувда товар айирбошлашни ошириш бўйича самарали чоралар кўриш, энергетика, машинасозлик, қишлоқ хўжалиги, транспорт, кончилик, тўқимачилик ва бошқа тармоқларда Ўзбекистон-Тожикистон инвестиция компанияси маблағларини жалб қилган ҳолда истиқболли лойиҳаларни илгари суришга алоҳида эътибор қаратилган.
Шу маънода, бугун Тошкент шаҳрида икки мамлакат бош вазирлари раислигида ўтказилган қўшма Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши қарорларини амалга ошириш муҳимлиги таъкидланган.