Мирзиёев Тошкентдаги 2 та шифохонани бориб кўрди
Жамият
−
29 Август 2023
13381Бугун, 29 август куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида жойлашган иккита шифохонага – Миллий тиббиёт маркази ҳамда Республика ихтисослаштирилган оториноларингология ва бош-бўйин касалликлари илмий-амалий тиббиёт марказига борди. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар берди.
Айтилишича, Мирзиёев 2020 йил ноябрда ҳам уларнинг қурилишини келиб кўрган, бу ерда қандай имкониятлар бўлиши лозимлиги ҳақида кўрсатмалар берган.
Таъкидланишича, Миллий тиббиёт маркази, бошқа шифохоналардан фарқли равишда, универсал бўлади. Бу ерда жарроҳлик, урология, трансплантология, травматология-ортопедия, гинекология, кардиохирургия, нефрология, кардиология, эндокринология, кардиоревматология, стоматология ва бошқа бўлимлар ташкил этилган. Жами 169 турдаги мингтадан кўп илғор тиббий асбоб-ускуналар ўрнатилган.
Марказ беш юз ўринга мўлжалланган. Амбулатор ва стационар тартибда икки юздан ортиқ тиббий хизмат кўрсатилади. Йилига уч мингдан зиёд, жумладан, аорта-коронар шунтлаш, эстетик-пластик хирургия, артропластика, орган ва тўқималарни кўчириб ўтказиш каби юқори технологик жарроҳлик амалиётларини бажариш қуввати мавжуд. Марказда мамлакатимизнинг олис ҳудудларидаги беморларга масофадан ташхис қўйиш, даволаш имконияти яратилмоқда.
Қайд этилишича, муассаса фаолиятида Германия, Туркия, Жанубий Корея каби давлатларнинг етакчи клиникалари билан ҳамкорлик қилинади. Чет эллик шифокорлар, Ўзбекистоннинг хорижда малака оширган мутахассисларидан иборат жамоа – 250 нафар шифокор, 500 нафар ўрта тиббиёт ходими фаолият олиб боради.
Бундай имкониятларга эга марказ Ўзбекистонда биринчиси. Қорақалпоғистон ва вилоятларда фаолият юритаётган кўп тармоқли клиникалар у билан боғланади.
Президент мажмуа ҳудудидаги Республика ихтисослаштирилган оториноларингология ва бош-бўйин касалликлари илмий-амалий тиббиёт марказида ҳам бўлган.
Бу марказ мазкур касалликларни даволаш билан бирга мамлакатда оториноларингология йўналишидаги ишларни мувофиқлаштиради. Бу ерда “Юқори нафас йўллари аъзолари физиологияси ва патологияси”, “Эшитиш ва мувозанат аъзолари физиологияси ва патологияси”, “Фониатрия ва ронхопатия” илмий лабораториялари ташкил этилган. Симуляцион амалий лаборатория, жарроҳлик хоналари ва 60 та ўрин-жойлар замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланган.
Президент ушбу марказлардаги қулайликлар билан танишиб, шифокорлар билан суҳбатлашган. Соҳа масъуллари билан мулоқотда ушбу марказлар ёнида хорижий тиббиёт институти ташкил этиш, кадрлар малакасини ошириш, касалликлар профилактикасини кенгайтириш бўйича кўрсатмалар берилган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь