Мирзиёев Тошкентда қурилаётган янги аэропорт билан танишди
Жамият
−
29 Июнь 2019
4060Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев кеча, 28 июнь куни Тошкент шаҳри ҳудудида амалга оширилаётган бир қатор ислоҳотлар билан танишиш мақсадида пойтахт бўйлаб ташриф ўтказди.
Президент Шавкат Мирзиёев “Тошкент-Шарқий” аэродроми негизида қурилаётган аэропортни кўздан кечирди.
Бу ерда фуқаролик (ишбилармонлик) авиацияси ташкил этиш бўйича 2017 йил 30 июнда Президент қарори қабул қилинган эди. Давлат раҳбари ўтган йили бу ерга келиб, мазкур аэродромни қайта қуриш бўйича лойиҳа таклифлари билан танишган эди.
Бугунги кунда аэропортда қурилиш ишлари жадал олиб борилмоқда. 4 километр узунликдаги иккита учиш-қўниш йўлаги, самолётлар тўхтаб туриши учун ангар ва перрон, юқори даражадаги делегациялар, ишбилармон доиралар вакиллари ва соатига минг нафар йўловчига хизмат кўрсатувчи терминаллар бунёд этилиши режалаштирилган.
Президент бу аэропорт нафақат бугун, балки келажак учун барпо этилаётгани, шу боис уни узоқни ўйлаб, сифатли ва хавфсиз қилиб қуриш зарурлигини таъкидлади.