Мирзиёев ташрифидан кейин Шерободда “тўртлик” алмашди

Жамият 4783
image

Бугун, 22 октябрь куни халқ депутатлари Шеробод тумани кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Сессияда ташкилий масала кўрилди. Ўрол Бобоқулов бошқа ишга ўтганлиги муносабати билан Шеробод тумани ҳокими вазифасидан озод этилди. Шу кунгача Сурхондарё вилояти ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари лавозимида ишлаб келган Алишер Амиров Шеробод тумани ҳокими этиб тайинланди.

Алишер Хуррамович Амиров 1977 йилнинг 19 августида Бойсун туманида туғилган. 2001 йилда Тошкент автомобиль-йўллар институти, 2014 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясини тамомлаган.

2016 йилда Сурхондарё вилояти ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари этиб тайинлангунга қадар “Ўзавтойўл” давлат акциядорлик компанияси бошқаруви раисининг ўринбосари – бош муҳандиси лавозимида фаолият юритган.

Шунингдек, сессияда Юнусов Баҳодир туман прокурори, Аминқулов Беҳзод туман ички ишлар бўлими бошлиғи, Жумаев Шуҳрат туман давлат солиқ инспекцияси бошлиғи этиб тасдиқланди.

Сессияда вилоят ҳокими Тўра Боболов сўзга чиқди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг маcъул ходими Абдулла Турсунов иштирок этди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 17-18 октябрь кунлари Сурхондарё вилоятида бўлган, ташрифнинг иккинчи кунида Термиз шаҳрида Сурхондарё вилояти ва туманлар ҳокимлари, секторлар раҳбарлари, республикадан келган мутасаддилар, фаоллар иштирокида ўтказилган йиғилишда соҳа ва тармоқларнинг ҳудудий раҳбарлари "қотиб қолган"и танқид қилганди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 87
Рейтинг: 3.0
t
×