Мирзиёев Словакия Президенти билан музокара ўтказди (видео)
Жамият
−
30 Октябрь 2025 2776 2 дақиқа
Бугун, 30 октябрь куни Самарқанд шаҳрида UNESCO Бош конференциясининг 43-сессияси доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Словакия Республикаси Президенти Петер Пеллегрини музокара ўтказди. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Ўзбекистон билан Словакия ўртасидаги стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини янада кенгайтиришнинг долзарб жиҳатлари кўриб чиқилган. Барча даражаларда икки томонлама алмашинувлар ижобий суръат билан давом этаётгани, шунингдек, устувор йўналишларда ҳамкорлик мустаҳкамланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилган.
“Жорий йилда сиёсий маслаҳатлашувлар ва ҳукуматлараро комиссиянинг биринчи йиғилиши муваффақиятли ўтказилди. Ишбилармонлик алоқалари фаоллашди. Қўшма корхоналар сони уч баробар кўпайди”, дейилади хабарда.
Билдирилишича, товар айирбошлаш ва инвестицияларнинг ҳажмини ошириш, шунингдек, муҳим тармоқларда саноат кооперацияси лойиҳаларини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинган.
Ўзбекистондан тўқимачилик, чарм, мева-сабзавот ва бошқа харидоргир маҳсулотлар, Словакиядан каучук, автомобиллар учун бутловчи қисмлар, фармацевтика ва бошқа саноат товарлари етказиб беришни кўпайтиришга келишиб олинган. Шу мақсадда миллий маҳсулотлар кўргазмаларини ўтказиш, савдо уйларини очиш режалаштирилган.
Шунингдек, рақамлаштиришни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилган. Банкларнинг киберхавфсизлик мониторингини юритиш ва юк ташишларни кузатишнинг илғор тизимларини жорий этиш бўйича қўшма марказ ташкил қилиш масаласини ишлаб чиқиш таклиф қилинган.
Словакия бизнеси билан автомобиль бутловчи қисмлар, тайёр сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва бошқа йўналишларда ҳамкорликни янада кенгайтиришга тайёрлик билдирилган.
Гуманитар ва таълим алмашинувларини фаоллаштириш истиқболлари кўриб чиқилган. 2026 йилда Братислава шаҳрида икки мамлакат ректорларининг биринчи форумини ўтказиш, туризм кўргазмалари ва ўзаро Туризм кунларини ташкил этиш таклиф қилинган. Тартибли меҳнат миграциясини йўлга қўйиш масаласига ҳам тўхталиб ўтилган.
Кўп томонлама майдонларда ўзаро қўллаб-қувватлаш, шунингдек, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Петер Пеллегрини амалий ташриф билан Ўзбекистонга келган эди. Пеллегрини фахрий меҳмон сифатида UNESCO Бош конференциясининг 43-сессиясида иштирок этади.
Live
Барчаси