Мирзиёев шоли даласига борди

Жамият

image

Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 15 октябрь куни Тошкент вилоятининг Қуйи Чирчиқ туманидаги шоличилик кластери фаолияти билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, илгари шоликорлар фаолияти тарқоқ бўлгани учун тузук даромад ололмаган. Айниқса, шолини қайта ишлашда кўплаб муаммоларга дуч келинарди. Кейинги йилларда алоҳида эътибор туфайли соҳада сифат ўзгаришлари бошланган, самарадорлик ошган.

Масалан, Тошкент вилоятида жорий йил ҳосили учун 8,7 минг гектар шоли экилган. Сув тежовчи технологиялар учун 3 минг гектар ер лазерли текисланган. Натижада вилоят бўйича 60 миллион метр куб сув тежалган, 522 тонна уруғлик сарфи камайган.

Бугунги кунда 985 гектар майдонда шоли йиғиб олиниб, гектарига ўртача 65-70 центнердан, айрим далаларда 80-85 центнердан ҳосил олинди.

Давлат раҳбари шу ерда фермерлар, қишлоқ хўжалиги фахрийлари билан мулоқот қилди. Улар ҳосилдор навлар ва янгича агротехнологиялар туфайли меҳнатдан манфаатдорлик ошиб бораётганини айтди.

“Бугун ҳамма соҳада илмга, инновацияга, илғор технологияларга таяняпмиз. Қишлоқ хўжалигида ҳам бозор тамойилларини жорий этиб, даромадни оширмаганимизда бугунгидек ҳосилдорлик бўлмасди. Сўнгги вақтларда табиат ўзгариб, сув тақчиллиги ортмоқда. Энди миришкорлар бунга мослашиб ишлаши, томчилатиб суғориш, сувдан тежаб фойдаланишни ўрганиши керак”, деди Президент.

Соҳадаги хорижий тажрибаларни ўрганиш, илм билан меҳнат унумдорлигини ошириш муҳим экани таъкидланди. Мутасаддиларга ҳосилдор навларни кўпайтириш, қайта ишлашни кучайтириш, сув тежовчи технологиялардан самарали фойдаланиш, янги иш ўринларини яратиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманида бўлиб, Шота Руставели кўчасида амалга оширилган реконструкция ишларини кўздан кечирган, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари билан биргаликда автобусда юриб, қулайликларни кўрди, йўловчилар билан самимий суҳбатлашганди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев шоли Қуйи Чирчиқ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг