Мирзиёев Самарқандда ЕТТБ раҳбари билан учрашди
Жамият
−
03 Апрель
2197Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 3 апрель куни "Марказий Осиё - Европа Иттифоқи" биринчи саммитининг ишбилармонлик дастури доирасида Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одиль Рено-Бассо билан учрашди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Суҳбат давомида Ўзбекистоннинг ушбу нуфузли халқаро молиявий институт билан кенг кўламли ҳамкорлигини янада ривожлантиришнинг амалий жиҳатлари атрофлича кўриб чиқилган.
“Ўзбекистон ва EТТБ ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларида юксак даражага эришилгани катта мамнуният билан қайд этилди. Устувор тармоқлардаги қўшма лойиҳалар портфели барқарор кенгайиб бормоқда. Банкнинг мамлакатимиз иқтисодиётига киритган жами инвестициялари 5 миллиард евродан ошди, жумладан, ўтган йил якунларига кўра қарийб 1 миллиард еврони ташкил этди. Молиявий кўмакнинг асосий ҳажми хусусий секторга тўғри келмоқда”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, Ўзбекистон бўйича ўрта муддатли Шериклик стратегияси самарали амалга оширилмоқда. EТТБ экспертлари кўмагида банк соҳасини трансформация қилиш ва бизнес учун имкониятларни кенгайтириш чоралари кўрилмоқда.
“Учрашувда лойиҳаларнинг ижроси сифатини яхшилаш ва самарадорлигини ошириш бўйича биргаликдаги ишлар ўз натижасини бераётгани қайд этилди. Жараёнларни мақбуллаштириш ва лойиҳаларни тайёрлашни тезлаштириш муҳимлиги таъкидланди”, дейилади хабарда.
Шунингдек, кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш, хотин-қизлар ва ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини, шу жумладан таълим, сув таъминоти, маиший чиқиндиларни қайта ишлаш каби муҳим йўналишларда кенгайтириш масалалари диққат марказида бўлган.
"Яшил" иқтисодиёт, углерод чиқиндиларини камайтириш, рақамлаштириш ва сунъий интеллект, ипотека бозори, транспорт коммуникацияларини ривожлантириш ва бошқа соҳалардаги дастур ва лойиҳалар ҳамкорликнинг устувор йўналишлари сифатида белгиланган.
Жорий йил июнь ойида Тошкент халқаро инвестиция форуми ва Хорижий инвесторлар кенгашининг навбатдаги йиғилишига тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш юзасидан ҳам фикр алмашилган.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 2 апрель куни кечқурун Шавкат Мирзиёев Европа Кенгаши раиси Антониу Кошта билан норасмий учрашув ўтказганди. Учрашувда икки томонлама ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилган.
LiveБарчаси
Самарқанд иқлим форуми бошланди.
04 Апрель