Мирзиёев Путин билан гаплашди

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 11 ноябрь куни Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда икки давлат раҳбарлари матбуот хизматлари хабар берди.

“Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини олий даражадаги келишувларни амалга ошириш доирасида янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди”, дейилади Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати хабарида.

Шунингдек, товар айирбошлашнинг ўсиш суръатини сақлаб қолиш, иқтисодиётнинг устувор тармоқларида кооперацияни, шу жумладан энергетика соҳасидаги қўшма лойиҳаларни илгари суриш, ҳудудларнинг ишбилармонлик алоқалари ва маданий-гуманитар алмашинувини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилган.

Жорий йил 22 октябрь куни Москва вилоятида ўтган Ўзбекистон ва Россия ҳудудлари кенгашининг иккинчи йиғилиши самарали бўлгани мамнуният билан қайд этилган. 3 декабрь куни бўладиган Ўзбекистон-Россия Ҳукуматлараро комиссиясининг навбатдаги йиғилиши ва унинг доирасида қўшма бизнес форумини самарали ўтказиш муҳимлиги таъкидланган.

“Ҳозирги халқаро муаммолар муҳокама қилинди, турли даражадаги мунтазам алоқаларни давом эттиришга келишиб олинди”, дейилади Кремль хабарида.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин жорий йил 14 октябрь куни ҳам телефон орқали мулоқот қилганди. Ноябрь ойида эса Мирзиёев Вашингтонда АҚШ Президенти Дональд Трамп билан учрашди ва Марказий Осиё мамлакатлари Президентлари билан бирга C5+1 форматидаги саммитда қатнашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Владимир Путин

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг