Мирзиёев пандемиянинг янги тўлқинига йўл қўймасликнинг 3 та муҳим шартини айтди

Жамият 9801
image

Аввал хабар берганимиздек, бугун, 3 август куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтяпти. Йиғилишда давлат раҳбари пандемиядан имкон қадар йўқотишларсиз ўтиш ва кейинги тўлқинларга йўл қўймаслик учун, Ўзбекистон халқи 3 та муҳим шартга қатъий амал қилиши талаб этилишини таъкидлади.

“Биринчидан, вирусдан ҳимояланиш ва уни енгишнинг энг муҳим шарти – бу албатта вакцинация. Қанчалик машаққатли бўлмасин, ушбу мақсадлар учун бугунги кунга қадар 4 турдаги 13 миллион доза вакцина олиб келдик. Қайси турдаги вакцина билан эмланиш бўйича аҳолида танлаш имконияти пайдо бўлди.

Шу боис эмлаш тадбирларини кенг жорий этиш мақсадида куни кеча махсус қонунни имзоладим”, дейди давлат раҳбари.

Ушбу қонун орқали иш берувчиларга соғлиғига кўра қарши кўрсатма бўлмаган, лекин профилактик эмлашни рад этган ходимларини иш жойига киритмаслик ҳуқуқи берилди.

“Иккинчидан, шахсий гигиена ва ижтимоий масофани сақлаш талабларига риоя қилиш, жамоат жойларида тиббий ниқобда юриш – касалликдан энг самарали ҳимоя эканини унутмаслик лозим.

Афсуски, одамларимиз бу талабни унутиб, эсдан чиқариб қўйгани ҳам, айни ҳақиқат. Чекловларга қарамасдан, жойларда кўп кишилик тўйлар, турли хил маросимлар тўхтагани йўқ”, дейди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари жорий ҳафтадан олийгоҳларга кириш учун тест имтиҳонлари бошланишига ҳам тўхталди. Бу тадбирларда республика бўйича кунига 100 мингга яқин абитуриент қатнашиши таъкидланиб, имтиҳонларни ҳам карантин талаблари асосида ташкил этиш зарурлиги урғуланди.

“Учинчидан, касаллик енгил кечаётган ва уй шароитида даволанаётган беморларни ўзбошимчалик билан, пала-партиш дори воситаларини истеъмол қилишини олдини олиш зарур. 

Афсуски, беморлар уй шароитида нотўғри даволанишлари натижасида оғир оқибатлар келиб чиқмоқда”, дейди Президент Мирзиёев.

Бош прокурорга вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари, сектор раҳбарлари билан биргаликда дорихоналарда коронавирусга қарши қўлланиладиган дори воситалари нархининг асоссиз ошиши ва уларнинг ноқонуний айланмаси бўйича кунлик назорат тадбирларини кучайтириш топширилди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 348
Рейтинг: 3
t
×