Мирзиёев олтин ва уран корхоналари ходимларини табриклади
Жамият
−
17 Ноябрь 2023
7412Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Навоий кон-металлургия комбинати ташкил этилгани – мамлакатда уран саноатига асос солинганининг 65 йиллиги билан соҳа ходимларига табрик йўллади.
Президент табрик аввалида Қизилқум конидан қазиб олинаётган, дунё миқёсида эътироф этилаётган олтин, табиий уран ва бошқа нодир қазилма бойликлар мамлакатнинг иқтисодий тараққиётини таъминлашда беқиёс стратегик аҳамиятга эга эканини қайд этган.
Шу билан бирга, 40 дан ортиқ миллатга мансуб қарийб 50 минг нафар юқори малакали ишчи, муҳандис ва мутахассислар меҳнат қилаётган мазкур комбинат ва 3 йил олдин унинг таркибидан ажралиб чиққан “Навоийуран” корхонаси ижобий натижаларга эришаётганини айтиб ўтган.
“Кейинги йилларда соҳа ривожига қаратилаётган улкан эътибор ҳамда ишлаб чиқаришга замонавий технологиялар жадал жорий этилаётгани туфайли комбинат олтин ишлаб чиқариш бўйича етакчи хорижий компаниялар орасида 7-ўриндан 4-ўринга кўтарилди. “Мурунтов” кони эса халқаро рейтингларда юқори поғоналарни эгаллаб келмоқда”, деган давлат раҳбари.
Мирзиёев шулар қаторида қисқа муддатда комбинатда 23 та йирик инвестиция лойиҳаси, жумладан, 5, 6 ва 7-гидрометаллургия заводлари, 2-гидрометаллургия заводининг иккинчи навбати ишга туширилиб, 15 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилганига алоҳида тўхталган.
“Ана шундай саъй-ҳаракатлар натижасида бу йил олтин ишлаб чиқариш ҳажми 2016 йилга нисбатан 25 фоиз, табиий уран 20 фоиз, кумуш эса 46 фоизга ошганини алоҳида таъкидлаш лозим. Бугунги кунда Ўзбекистон уран қазиб олиш бўйича дунёда 5-ўринни эгаллаб турибди. “Навоийуран” давлат корхонаси ўз маҳсулотини юз фоиз экспортга йўналтирмоқда.
Маҳаллийлаштириш дастури доирасида янги қувватлар учун зарур асбоб-ускуна ва жиҳозлар ҳудуднинг ўзида ишлаб чиқарилмоқда. Биргина Навоий машинасозлик заводида йилига ўртача 15 минг турдан зиёд импорт ўрнини босадиган маҳсулотлар тайёрланаётгани буни тасдиқлайди”, деган Президент.
Шунингдек, соҳа учун малакали муҳандис кадрлар етказиб бериш мақсадида Навоий давлат кончилик ва технологиялар университетининг моддий-техника базаси ва илмий-педагогик салоҳияти мустаҳкамланаётгани, мураккаб технологик жараёнларни асосан ана шундай олийгоҳларда таълим олган ўзбек ёшлари бошқараётганига ҳам тўхталиб ўтилган.
“Ўз ҳаётини шундай муҳим соҳага бағишлаган сиз, азизлар жамоаларингиздаги шонли меҳнат анъаналарини муносиб давом эттириш, мамлакатимиз кон саноати шуҳратини янада ошириш учун бундан буён ҳам катта куч-ғайрат билан меҳнат қиласизлар, деб ишонаман.
Сизларни бугунги қутлуғ айём билан яна бир бор табриклаб, барчангизга мустаҳкам соғлик, оилавий бахт, олижаноб фаолиятингизда улкан зафарлар тилайман”, деган Мирзиёев.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15