Мирзиёев нимадан кўнгли тўлмаётганини айтди
Жамият
−
11 Ноябрь 2022
14549Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар ўртасидаги ўзаро товар айланмаси умумий ташқи савдонинг атиги 4 фоизини ташкил этади. Бу эса қониқарсиз ҳолат. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ташкилотнинг Самарқандда ўтаётган саммитида сўз очди.
“Биз саммитга тайёргарлик кўриш жараёнида Ташкилотимиз фаолиятини чуқур таҳлил қилдик”, деб гап бошлади Мирзиёев.
У мамлакатлар ўртасидаги кўп томонлама муносабатларни ривожлантириш учун биргаликда салмоқли ишлар қилинганини эътироф этди ва ҳали катта салоҳият ва улкан имкониятлар тўлиқ ишга солинмаётгани ҳам айтиб ўтди.
“Аввало, ҳамкорлигимизнинг савдо-иқтисодий пойдеворини мустаҳкамлашимиз мақсадга мувофиқ. Мамлакатларимизнинг ўзаро товар айланмаси умумий ташқи савдо-мизнинг атиги 4 фоизини ташкил этади. Унинг қолгани эса учинчи давлатлар улушига тўғри келмоқда. Албатта, бундай ҳолат ҳеч биримизни қониқтирмайди. Бундан ташқари, давлатларимиз орасида айрим импорт божхона тарифлари юқори бўлиб қолмоқда”, дейди Ўзбекистон раҳбари.
Мирзиёев бу стратегик йўналишда вазиятни тубдан ўзгартириш, савдо, инвестиция ва хизматларнинг эркин ҳаракатини таъминлаш учун, Ташкилот доирасида “янги иқтисодий имкониятлар ҳудудини”ни барпо этиш ташаббусини илгари сурди.
“Ана шу режамизга эришиш учун, Ташкилотга аъзо ва кузатувчи мамлакатлар ҳамда дунё етакчи бизнес вакилларини кенг жалб қилган ҳолда, ҳар йили Халқаро туркий иқтисодий форумни ўтказишни таклиф этаман. Форум доирасида “давлат ва бизнес” форматида қўшма тадбирлар, тадбиркорлар учрашувлари ва “давра суҳбат”лари, инновацион лойиҳалар тақдимотлари ва кўргазмаларни ўтказиш катта амалий натижа беради.
Ушбу тадбирлар якунлари бўйича қўшма дастур ва лойиҳаларни биргаликда амалга оширишга қара-тилган йиллик “Йўл хариталари”ни қабул қилишимиз муҳим бўлади”, дейди Ўзбекистон етакчиси.
Қайд этилишича, бу ишлар, энг аввало, ўзаро савдони кескин ошириш ва учинчи мамлакатлар бозорларига биргаликда чиқиш, қўшилган қиймат узлуксиз занжирларини яратиш, юқори технологик кластерлар ва венчур ширкатларни ташкил этишга қаратилади.
Шунингдек, Мирзиёев, Туркий давлатлар ташкилоти доирасида Қўшма инвестиция фондини ишга тушириш таклифини ҳам тўлиқ қўллаб-қувватлашини билдирди.