Мирзиёев Нью-Йоркда Шарль Мишелни қабул қилди
Жамият
−
19 Сентябрь 2023
2844Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Нью-Йорк шаҳрига ташрифи доирасида кеча, 18 сентябрь куни ўзига ажратилган қароргоҳда Европа Кенгаши президенти Шарль Мишелни қабул қилди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, учрашувда Ўзбекистон билан Европа Иттифоқи ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни, энг аввало, сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва гуманитар соҳаларда янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилган.
Икки томонлама муносабатларда бугун ғоят юксак даражага эришилгани алоҳида мамнуният билан қайд этилган.
“Еврокенгаш раҳбарининг Ўзбекистонга ташрифи, “ЕИ – Марказий Осиё” форматидаги саммитлар, Ўзаро боғлиқлик бўйича халқаро конференция ва иқтисодий форумлар муваффақиятли ўтказилган. Йил бошидан буён Ўзбекистоннинг ЕИ мамлакатлари билан товар айланмаси ҳажми 35 фоизга ошди, Европанинг етакчи компаниялари билан биргаликда йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда, муҳим маданий тадбирлар уюштирилмоқда”, дейилади хабарда.
Учрашув чоғида Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимни тез фурсатда қабул қилиш, ўзаро савдо ва инвестицияларни кўпайтириш учун қулай шароитлар яратиш, иқтисодиётнинг асосий тармоқларида кооперацияни, шу жумладан, узоқ муддатли икки томонлама ҳужжатларни қабул қилиш орқали чуқурлаштириш масалалари муҳокама қилинган.
Еврокенгаш президенти Шарль Мишель Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорликни илгари суриш, ишонч, яхши қўшничилик ва шериклик муносабатларини мустаҳкамлашда Ўзбекистон раҳбари етакчи роль ўйнаётганини қайд этиб ўтган.
Учрашувда самарали халқаро транспорт йўлакларини, хусусан, Транскаспий мультимодал маршрутини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиб, Афғонистонда юзага келаётган вазият, шу жумладан, афғон халқига гуманитар ёрдам кўрсатиш борасидаги саъй-ҳаракатлар юзасидан ҳам фикр алмашилган.
Шунингдек, бўлажак кўп томонлама тадбирлар режаси кўриб чиқилган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь