Мирзиёев Мўғулистонга боради
Жамият
−
23 Июнь 4415 1 дақиқа
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 24–25 июнь кунлари расмий давлат ташрифи билан Мўғулистонга боради. Бу ҳақда Мўғулистон миллий ахборот агентлиги “Monstame” хабар берди.
Маълум қилинишича, ушбу ташриф Мўғулистон Президенти Ухнаагийн Хурелсухнинг таклифига биноан амалга оширилмоқда. Бу ташриф Ўзбекистон билан Мўғулистон ўртасида 1992 йилда дипломатик муносабатлар ўрнатилганидан бери илк бор ўтаётган олий даражадаги ташриф бўлади.
Билдирилишича, ташриф жавоб характерига эга, чунки 2024 йилда Мўғулистон Президенти Ўзбекистонга ташриф буюрган эди. Учрашувлар чоғида Шавкат Мирзиёев ва Мўғулистон Президенти Ухнаагийн Хурелсух 14 та шартнома ва икки томонлама ҳужжатларни имзолаганди.
Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати ҳам ташриф бўлишини тасдиқлади.
Ташриф дастурига мувофиқ, Улан-Батор шаҳрида олий даражадаги икки томонлама учрашув ва музокаралар ўтказилиши кўзда тутилган.
Ўзбекистон билан Мўғулистон ўртасидаги дўстлик ва амалий ҳамкорлик муносабатларини янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилади.
Товар айирбошлаш ҳажмини ошириш ва номенклатурасини кенгайтириш, саноат тармоқлари, қишлоқ хўжалиги, кончилик, транспорт соҳалари ва бошқа устувор йўналишларда кооперация лойиҳаларини илгари суриш, фаол маданий-гуманитар алмашинувни давом эттириш эътибор марказида бўлади.
Саммит якунида келишувлар тўплами қабул қилиниши кутилмоқда.
Live
Барчаси