Мирзиёев Мелонининг Украина бўйича позициясини олқишлади
Жамият
−
30 Май 2025 10857 2 дақиқа
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Италия Бош вазири Жоржия Мелонининг Украина атрофидаги вазиятни тинч йўл билан ҳал этиш учун тўғридан тўғри музокараларни тезроқ бошлаш бўйича фаол дипломатик саъй-ҳаракатларини олқишлашини билдирди. Бу ҳақда у бугун, 30 май куни “Марказий Осиё – Италия” саммитида сўз очди.
Мирзиёевнинг билдиришича, халқаро кун тартибида ўзаро мувофиқлаштириш ва келишилган ёндашувларни талаб этадиган бир қатор долзарб масалалар мавжуд.
“Италия Бош вазири, ҳурматли Мелони хонимнинг Украина атрофидаги вазиятни тинч йўл билан ҳал этиш учун тўғридан тўғри музокараларни тезроқ бошлаш бўйича фаол дипломатик саъй-ҳаракатларини олқишлаймиз. Сизнинг Яқин Шарқ муаммоси ва Афғонистон билан ҳамкорлик истиқболларига оид қарашларингиз учун миннатдорлик билдираман. Кеча Самарқандда биз бу нозик масалаларни батафсил муҳокама қилдик ва ёндашувларимиз ўхшаш эканини қайд этдик”, дейди Ўзбекистон Президенти.
Шунингдек, Мирзиёев терроризм, экстремизм, радикализм, наркотрафик ва ноқонуний миграцияга қарши курашишда кўп томонлама форматларда ишчи механизмларни ва махсус хизматлар ўртасида ахборот алмашишни йўлга қўйишни таклиф этган.
Маълумот учун, Мелони Украинани ҳарбий ва сиёсий жиҳатдан қўллаб-қувватлашни давом эттирмоқда. Хусусан, у Украинага НАТО аъзолигини бермасдан, унга НАТОнинг 5-моддасига ўхшаш хавфсизлик кафолатларини тақдим этиш режасини илгари сурмоқда. Бу таклиф Европа ва АҚШ орасида муҳокама қилинмоқда. Шунингдек, Мелони АҚШ Президенти Дональд Трампнинг Ватикан воситачилигида Украина-Россия тинчлик музокараларини ўтказиш таклифини ижобий баҳолади ва Италия бу жараёнда воситачилик қилишга тайёрлигини билдирди.
Эслатиб ўтамиз, айни дамда Шавкат Мирзиёев Қозоғистоннинг Остона шаҳрида ўтаётган “Марказий Осиё – Италия” саммитида иштирок этмоқда. Тадбирда минтақа мамлакатлари етакчилари ва Италия Бош вазири Жоржия Мелони ҳам қатнашмоқда. Кун тартибига мувофиқ, кўп қиррали ҳамкорликни, энг аввало “яшил” иқтисодиёт, инвестициялар, инновациялар, фан ва таълим соҳаларида янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.
Қайд этиш жоиз, Жоржия Мелони жорий йилнинг 28 май куни расмий ташриф билан Самарқандга келганди. Самарқанд халқаро аэропортида Бош вазирни шахсан Президент Мирзиёев кутиб олган. Шундан сўнг етакчилар Регистон майдони ва “Silk Road Samarkand” халқаро туризм марказидаги “Боқий шаҳар” тарихий-этнографик боғида бўлди. Қолаверса, Самарқанд шаҳрида 29 май куни Жоржия Мелонини расмий кутиб олиш маросими ҳам бўлиб ўтди ва Мелони Самарқанд шаҳридаги Конгресс марказида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашув ҳам ўтказди.
Live
Барчаси31 Декабрь 2025
Фарғона давлат техника университети ректори Қўнғиротбой Шариповга янги ўринбосар бўлди.
30 Декабрь 2025
30 Декабрь 2025
30 Декабрь 2025
29 Декабрь 2025