Мирзиёев марҳум шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфни мукофотлади
Жамият
−
27 Июнь 2023
14596Бугун, 27 июнь куни Ўзбекистон Президентининг Фармони билан икки нафар марҳум шайхлар Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ва Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон “Олий даражали Имом Бухорий” ордени билан мукофотланди.
Уларнинг иккаласи ҳам Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармасининг собиқ раиси бўлган.
Президент фармонида шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг серқирра фаолияти ҳамда беқиёс илмий-маърифий мероси билан исломий тафаккур ва маданиятни равнақ топтириш, ислом динининг улуғ инсоний ғояларини ўзбек халқига етказиш, машҳур уламоларнинг асарларини чуқур тадқиқ этиш, турли мамлакат ва ўлкаларда кенг тарғиб қилиш борасидаги кўп йиллик самарали меҳнати, халқаро миқёсда динлараро мулоқотни йўлга қўйиш, миллат ва элатлар ўртасида ҳамжиҳатлик ва аҳилликни мустаҳкамлаш, жамият ҳаётида ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашга қўшган улкан ҳиссаси, диний ва дунёвий билимларни пухта эгаллаган етук мутахассисларни тайёрлаш йўлидаги хизматлари алоҳида қайд этилган.
Шайх Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохоннинг эса ғоят мураккаб тарихий шароитда фаолият кўрсатиб, мамлакат ва минтақада ислом маданияти ва илм-фанини ривожлантириш, ислом динининг инсонпарварлик моҳияти ва эзгу ғояларини одамларга безавол етказишдаги хизматлари алоҳида таъкидланган.
Маълумот учун, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф 1952 йилда Андижонда таваллуд топган. У Бутунжаҳон мусулмон уламолари иттифоқи котиблар кенгаши, Жаҳон ислом лигаси таъсисчилар кенгаши; Бутунжаҳон тасаввуф уюшмаси президиуми, Жаҳон Халқ Ислом Раҳбарлиги Бош Котибияти, Бутунжаҳон ислом даъвати кенгаши президиуми, Қироллик Ислом тафаккури академияси (Иордания), Ислом уламолари ва жаҳон мутафаккирлари ассамблеяси ижро бюроси (Макка), Жаҳон ислом университети Илмий кенгаши (Исломобод) ва Бутунжаҳон масжидлар ассоциациясига аъзо бўлган. Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф 2015 йил 10 март куни 62 ёшида вафот этган.
Дафн маросими Тошкентда бўлиб ўтган. Жаноза Тошкентнинг эски шаҳар қисмидаги Шайх Зайниддин масжидида ўтган. Дафн маросимида нафақат Тошкентдан, балки Ўзбекистоннинг барча вилоятлари ва бошқа мамлакатлардан 200-250 мингга яқин одам бевосита иштирок этган. Муҳаммад Юсуф вафотидан сўнг Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Грозний кўчаларидан бирига унинг номини бериш тўғрисида қарор қабул қилган. Ўлимидан бир неча кун ўтгач, Жанубий Кореянинг Геодже-до шаҳридаги масжидга унинг номи берилган. Шунингдек, 2015 йил 26 майда Чимкент шаҳрида (Қозоғистон) Муҳаммад Юсуф номидаги масжид очилган. Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида қурилган масжидга ҳам унинг номи берилган.
Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон 1908-1982 йилларда яшаган. У Марказий Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси иккинчи раиси, бешта республика муфтийси (1957-1982) бўлган. Унинг номи ҳам Тошкент шаҳридаги масжид ва кўчага берилган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь