Мирзиёев мактаб битирувчиларига табрик йўллади
Жамият
−
23 Май
3503Бугун, 23 май куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2024/2025 ўқув йилида мактабни тугатаётган битирувчиларга ўз табригини йўллади. Давлат раҳбарининг табриги Президент матбуот хизмати томонидан эълон қилинди.
Мирзиёев ўз табригида катта орзу-умидлар билан келажак режаларини тузаётган ўғил-қизларга улкан куч-ғайрат, омад ва зафарлар тилаган.
Президент матбуот хизматига кўра, ушбу ўқув йилида 10 мингдан зиёд мактабларни 450 минг нафардан ортиқ битирувчи ёшлар тугалламоқда. Уларнинг орасида эса 11 минг 500 нафардан ортиғи олтин медаль билан, 2 мингдан ортиғи эса кумуш медаль билан тугатмоқда.
“Азиз битирувчи ёшлар! Бугунги кунда биз ўз олдимизга қўяётган буюк мақсадларни амалга оширишда бутун халқимиз қатори, билимли, ҳунарли, тадбиркор ва ватанпарвар, ҳар томонлама етук ёшларимизга таянамиз”, дейилади Президент табригида.
Қолаверса, Мирзиёев ўз табригида битирувчи ёшларга юксак ишонч билдирган.
“Сизлардек ўз кучига ишонган, қатъиятли ёшлардан қадрдон мактабингиз, азиз устозларингиз ва ота-оналарингиз, бутун халқимиз фақат эзгу ишлар ва ёрқин натижалар кутади. Ана шундай юксак ишончга доимо муносиб бўлинг! Интилиш, изланиш ва янгилик яратишдан асло чарчаманг! Мустақил ҳаёт сари илк қадамларингиз қутлуғ бўлсин, азиз ўғил-қизларим!” дея якунланади Президент табриги.
Маълумот учун, жорий йилги ўқув йилининг охирги куни 25 май, якшанба – дам олиш кунига тўғри келгани сабабли “сўнгги қўнғироқ” тадбирлари 24 май – шанба куни ўтказилиши белгиланганди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ мактаблардаги “сўнгги қўнғироқ” тадбирларида хавфсизликни таъминлаш мақсадида ҳуқуқ-тартибот ходимлари ва ҳарбий хизматчилар жалб этилиши хабар қилинганди.
LiveБарчаси