Мирзиёев Корея парламенти Спикери билан учрашди
Жамият
−
17 Декабрь 2021
2434Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 17 декабрь куни Сеул шаҳрида Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси Спикери Пак Бён Сок билан учрашув ўтказди.
Суҳбатда Ўзбекистон Республикаси ва Корея Республикаси ўртасидаги алоҳида стратегик шериклик муносабатлари ҳар томонлама ривожланиб бораётгани, Президентнинг ушбу давлат ташрифи уларга янги кучли суръат бағишлагани мамнуният билан таъкидланди. Турли даражаларда, шу жумладан парламентлараро ҳамкорлик йўналишида самарали сиёсий мулоқот ва алоқалар фаол давом эттирилмоқда.
Ўзбекистон-Корея муносабатларини мустаҳкамлашда парламентлараро “дўстлик гуруҳлари” муҳим ўрин тутади. Жорий йил июнь ойида уларнинг онлайн учрашуви бўлиб ўтди. Давлат бошқарувини ислоҳ қилиш, фуқаролик жамияти, гендер масалалари, таълим ва ҳудудларни ривожлантиришга доир қонун ижодкорлиги масалаларида тажриба алмашилмоқда.
Учрашувда икки томонлама ҳамкорликни янада фаоллаштириш юзасидан батафсил фикр алмашилди.
Миллий Ассамблея Спикери Корея тажриба алмашишни кенгайтиришга, жумладан, Ўзбекистонда электрон парламент механизмларини жорий қилишга кўмаклашишга тайёр эканини билдирди.
Корея парламенти вакиллари келгуси йилда Тошкент шаҳрида ўтказиладиган Жаҳон мамлакатлари парламентларининг аёл спикерлари саммитида иштирок этишини тасдиқлади.
Шунингдек, қўшма дастур ва лойиҳаларни илгари суришнинг янги институционал механизмларини жорий қилиш ташаббуси қўллаб-қувватланди.
Томонлар “Корея Республикаси – Марказий Осиё” ҳамкорлик форуми доирасидаги яқин мулоқотни давом эттиришдан манфаатдор эканликларини тасдиқладилар.
Пак Бён Сок 2022 йилда тарихий саналар – дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги ва корейс диаспораси Ўзбекистонда истиқомат қилишининг 85 йиллигини кенг нишонлаш бўйича тадбирлар икки халқ ўртасидаги дўстлик ва ўзаро англашувни янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлади.
Олий даражада эришилган келишувлар ижроси устидан самарали парламент назоратини таъминлаш муҳим экани қайд этилди. Икки мамлакат парламентлари вакиллари бу борада бор куч ва имкониятларини ишга солишларини таъкидладир.
LiveБарчаси