Мирзиёев Халқаро дзюдо федерацияси раҳбарини мукофотлади
Спорт
−
27 Февраль
2616Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 27 февраль куни Халқаро дзюдо федерацияси раҳбари Мариус Визерга давлатимизнинг юксак мукофоти – "Дўстлик" орденини топширди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Билдирилишича, Ўзбекистон Президенти миллий дзюдо мактабини ривожлантиришга қўшган катта шахсий ҳиссаси учун Халқаро дзюдо федерацияси раҳбари Мариус Визерга давлатимизнинг юксак мукофоти – "Дўстлик" орденини топширган.
Қайд этиш жоиз, Мариус Визер нуфузли "Катта дубулға" халқаро турнири доирасида Ўзбекистонда бўлиб турибди. Халқаро дзюдо федерацияси билан Ўзбекистонда дзюдо мактабини ривожлантириш ва ушбу яккакураш турини оммалаштириш борасидаги самарали ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилган.
“Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон халқаро федерация фаолиятида фаол иштирок этмоқда. 2022 йилда мамлакатимизда катталар ўртасида жаҳон чемпионати, ўтган йили ҳарбий хизматчилар ўртасида жаҳон биринчилиги муваффақиятли ўтказилди. Париж шаҳрида бўлиб ўтган ёзги Олимпия ўйинларида Диёра Келдиёрова Ўзбекистон тарихида илк бор дзюдо бўйича олтин медални қўлга киритди”, дейилади хабарда.
Федерация раҳбари Мариус Визер Ўзбекистонда соғлом турмуш тарзини оммалаштириш ва спортнинг барча турларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ёшлар, айниқса, қизларни кенг жалб этиш, замонавий спорт инфратузилмасини яратиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни юқори баҳолаган.
Учрашувда спортчилар, мураббийлар ва ҳакамларни тайёрлашда федерациянинг техник кўмаги ва эксперт ёрдамини кенгайтириш, иқтидорларни саралашнинг самарали механизмини жорий қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.
Бундан ташқари, Ўзбекистон ҳудудларида дзюдо бўйича халқаро мусобақаларни мунтазам ўтказиб бориш таклифи билдирилган.
LiveБарчаси