Мирзиёев “қора шаҳзода” билан учрашди
Жамият
−
11 Ноябрь
4898Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 11 ноябрь куни Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёд шаҳрида ўтказилаётган навбатдан ташқари Араб-ислом саммити доирасида Саудия Арабистони Валиаҳди, Бош вазир Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Учрашувда Ўзбекистон-Саудия кўп қиррали муносабатларини янада кенгайтиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Суҳбат аввалида давлат раҳбари Ар-Риёддаги фавқулодда саммит ўз вақтида ташкил этилгани ва долзарб аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
Турли даражалардаги фаол мулоқот ва алмашинувлар давом этаётгани катта мамнуният билан қайд этилди. Ўзаро савдо ва инвестициялар ҳажми, қўшма корхоналар сони ошиб бормоқда.
“Яшил” энергетика, транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш, коммуникациялар соҳасида, қишлоқ хўжалиги, саноатда янги қўшма лойиҳаларни илгари суриш масалалари кўриб чиқилди.
Бўлажак олий даражадаги тадбирларга, шу жумладан 2025 йилда Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган “Марказий Осиё - Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши” мулоқотининг иккинчи саммитига тайёргарлик кўришга алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашув давомида Шавкат Мирзиёев ўзбекистонликларнинг Ҳаж ва Умра зиёратларини адо этишларига яратилган шароитлар учун Саудия Арабистони раҳбариятига миннатдорлик билдирди.
Минтақавий масалалар, жумладан, Яқин Шарқдаги вазиятни тинч йўл билан ҳал этиш юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Шу билан Ар-Риёдга амалий ташриф доирасидаги тадбирлар якунланди, давлатимиз раҳбари Бокуга жўнаб кетди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев мазкур саммит доирасида Саудия Арабистони энергетика вазири шаҳзода Абдулазиз бин Салмон Ол Саудни қабул қилган эди.