Мирзиёев Қирғизистондаги саммитда Европа билан 7 та йўналишдаги ҳамкорликка урғу берди
Жамият
−
02 Июнь 2023
6385Бугун, 2 июнь куни Иссиқкўлнинг шимолий қирғоғидаги Чўлпонота шаҳрида Қирғизистон Президенти Садир Жапаров раислигида “Европа Иттифоқи – Марказий Осиё” саммити бўлиб ўтди.
Унда Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев, Туркманистон Бош вазири ўринбосари Нурмуҳаммет Аманнепесов ва Европа кенгаши раҳбари Шарль Мишель иштирок этди.
Жапаров ўзининг табрик сўзида ҳамкорликнинг янги истиқболли йўналишлари, Марказий Осиё мамлакатлари ва ЕИ ўртасидаги шериклик йўналишидаги мулоқотни чуқурлаштириш йўллари муҳокама қилинишини айтди.
“Иккинчи саммитни Қирғизистонда ўтказиш ташаббусини қўллаб-қувватлаганликлари учун иштирокчиларга миннатдорчилик билдираман. Бугунги учрашув кенг кўламли масалалар юзасидан фикр алмашиш, ўзаро англашув ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш имконини беришига чин дилдан ишонаман”, деган Жапаров.
Саммитда сўз олган Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев эса Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи орасидаги 7 йўналиш – савдо, транспорт йўлакларини шакллантириш, инвестициявий ва технологик шериклик, рақамли ўзаро боғлиқлик соҳасида Евроиттифоқ билан яқиндан ҳамкорлик қилиш, иқлим соҳасидаги хатарларга қарши курашиш, туризмни ривожлантириш ва ёшлар таълимига инвестиция киритиш масалаларига эътибор қаратган.
Бундан ташқари, Мирзиёев экстремизм ва радикализм, одам савдоси, уюшган ва кибер жиноятчиликка қарши курашиш ҳамда чегараларни қўриқлаш соҳасида янги шериклик дастурларини ишлаб чиқиш зарур, деб ҳисоблашини билдирган ва шу мақсадда “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи: хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликнинг янги кун тартиби” мавзусида экспертлар конференциясини ўтказишни таклиф этган.
Шунингдек, Президент Мирзиёев Афғонистондаги гуманитар вазият тез суръатда ёмонлашиб бораётганини таъкидлаган.
“Шу муносабат билан шерикларимизни афғон халқига инсонпарварлик ёрдами ҳажмини камайтирмасликка чақирамиз. Шу мақсадда Термиздаги логистика хаби имкониятларини бундан буён ҳам тақдим этишга тайёрмиз”, деган Мирзиёев.
Ўзбекистон раҳбари ўз нутқи охирида “Марказий Осиё-Европа Иттифоқи” форматидаги саммитни келгуси йилда Ўзбекистонда ўтказиш борасидаги ташаббусни қўллаб-қувватлангани учун миннатдорлик билдирган.
Маълумот учун, “Европа Иттифоқи – Марказий Осиё” биринчи саммити 2022 йил октабр ойида Остона шаҳрида (Қозоғистон) бўлиб ўтган.
LiveБарчаси