Мирзиёев қабулида бўлган Ма Синжуй Жапаров билан ҳам учрашди

Олам

image

Қирғизистон Президенти Садир Жапаров Хитой Халқ Республикаси Коммунистик партияси Марказий қўмитаси Сиёсий бюроси аъзоси, Шинжон-Уйғур автоном райони Коммунистик партия қўмитаси котиби Ма Синжуйни қабул қилди. Бу ҳақда Қирғизистон раҳбарининг Матбуот хизмати хабар берди. 

Қайд этилишича, Жапаров Қирғизистон ва Хитой ўртасидаги анъанавий дўстлик ҳамда яхши қўшничилик алоқалари, ўзаро ишонч ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлашга, минтақада барқарорлик ва хавфсизликни таъминлашга хизмат қилишини, бу умумий манфаатларга тўлиқ жавоб беришини таъкидлаган.

Садир Жапаров Хитой Қирғизистоннинг асосий савдо ва сармоявий ҳамкорларидан бири экани, айниқса, Қирғизистон ва Шинжон-Уйғур автоном райони ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини оширишдаги ижобий тенденцияни таъкидлаган.

Қирғизистон раҳбари “Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон” темир йўли қурилиши лойиҳаси Қирғизистон ва Шинжон-Уйғур автоном райони ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштиришга хизмат қилишини, шунингдек, иқтисодиётнинг бошқа тармоқларини ривожлантиришга мультипликатив таъсир кўрсатишини қайд этган.

Ўз навбатида, Ма Синжуй Хитой делегациясининг Қирғизистонга ташрифининг асосий миссияси икки давлат раҳбарлари ўртасидаги келишувларни амалга ошириш эканини маълум қилган. Унинг таъкидлашича, Қирғизистон Шинжон-Уйғур автоном районининг энг йирик савдо шеригига айланган ва ўзаро савдо ҳажми аллақачон 1 миллиард долларга етган.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 29 март куни Ма Синжуй Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев қабулида бўлган, учрашувда қайта тикланувчи энергетика, транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ва логистика, саноат парклари ҳамда қишлоқ хўжалиги кластерларини ташкил этиш, шунингдек, таълим, соғлиқни сақлаш ва маданият соҳаларидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон Хитой Қирғизистон Садир Жапаров Ма Синжуй Шинжон-Уйғур

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг