Мирзиёев Гурбангули Бердимуҳамедовнинг сиёсатини ўғли давом эттираётганидан хурсандлигини айтди

Жамият 4025
image

Ўзбекистон Туркманистонда Гурбангули Бердимуҳамедовнинг сиёсатини ўғли – Президент Сердар Бердимуҳамедов давом эттираётганидан хурсанд. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 14 июль куни Сердар Бердимуҳамедов бўлиб ўтган музокаралардан сўнг матбуот анжуманида маълум қилди. 

“Бугун биз Сердар Гурбангулиевич билан мазмунли, очиқ ва батафсил музокаралар ўтказдик, улар, шубҳасиз, ҳамкорлигимизни янги, янада юқори даражага олиб чиқади. Биз икки томонлама кун тартибидаги барча долзарб масалаларни ҳар томонлама муҳокама қилдик. Ҳамкорликнинг бугунги ҳолати юзасидан фикр алмашдик, бу борада катта ютуққа эришилганини қайд этдик. Сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт, сув-энергетика ва гуманитар йўналишларда биргаликдаги ишимизнинг устувор жиҳатларини белгилаб олдик”, дейди Мирзиёев.

Ўзбекистон раҳбари Туркманистон билан ҳар томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг ўзгармас устувор йўналиши эканини қайд этди.

Кўп қиррали Ўзбекистон-Туркманистон муносабатларининг мустаҳкамланишига Туркманистон Миллий Кенгаши Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедовнинг ҳиссаси беқиёс экани алоҳида таъкидланди.

“Бугун Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов ушбу чуқур ўйланган сиёсатни давом эттираётганидан биз, Ўзбекистон чин дилдан хурсандмиз”, дейди Шавкат Мирзиёев.

Президент музокараларда икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликнинг муҳим соҳаларидаги барча масалалар батафсил кўриб чиқилганини қайд этди.

Таъкидланишича, учрашувлар якунида умумий қиймати 450 миллион доллардан зиёд бўлган аниқ шартнома ва келишувлар имзоланган. 

Музокараларда минтақада хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинган. Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари Маслаҳат учрашувларининг муҳим аҳамияти қайд этилди.

“Марказий Осиёда минтақавий жараёнлар ва кўп томонлама ҳамкорликнинг мустаҳкамланиши минтақадаги барча мамлакатларнинг тараққиёти ва равнақига хизмат қилишига қатъий ишонаман”, дейди Ўзбекистон Президенти.

Афғонистондаги вазият юзасидан фикр алмашилди. Давлат раҳбарлари ушбу мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий тикланиши мақсадида бундан буён ҳам биргаликда ҳаракат қилишга тайёрлигини билдирдилар.

БМТ, МДҲ, ИҲТ, Туркий давлатлар ташкилоти ва бошқа тузилмалар доирасида фаол мулоқотлар ва ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттириш муҳимлиги қайд этилди.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 39
Рейтинг: 3.2
t
×