Мирзиёев Ғани билан афғон муаммосини муҳокама қилди
Жамият
−
02 Август 2020
8149Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 2 август куни Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Ашраф Ғани билан телефон орқали мулоқот қилди.
Суҳбат аввалида давлат раҳбарлари муқаддас Қурбон ҳайит айёми муносабати билан бир-бирларини самимий табриклаб, биродар халқларимизга тинчлик-осойишталик ва фаровонлик тиладилар.
Кейинги йилларда мустаҳкам дўстлик ва анъанавий яхши қўшничилик ришталарига, тарих, анъана ва урф-одатлар муштараклигига асосланган Ўзбекистон-Афғонистон муносабатлари изчил мустаҳкамланиб бораётгани катта мамнуният билан қайд этилди.
Мулоқот чоғида икки томонлама ҳамкорлик, аввало, иқтисодиёт, энергетика ва транспорт-коммуникация соҳаларидаги амалий шерикликни кенгайтиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди. Минтақавий аҳамиятга молик энг муҳим масалалар юзасидан ҳам батафсил фикр алмашилди.
Давлат раҳбарлари иккала мамлакатда коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш ва эпидемиологик вазиятни назорат қилиш борасида кўрилаётган қатъий чора-тадбирларни тўлиқ қўллаб-қувватлашларини билдирдилар.
Пандемиянинг салбий оқибатларини камайтириш ҳамда мамлакатлар ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар суръатини сақлаб қолиш муҳимлиги қайд этилди.
Президентлар Афғонистоннинг барқарор тараққиётига, минтақавий иқтисодий жараёнларда фаол иштирок этишига хизмат қиладиган устувор инфратузилма ва инвестиция лойиҳаларини илгари суриш борасидаги саъй-ҳаракатларни фаоллаштиришга муҳим эътибор қаратдилар.
Булар чегараолди ҳудудларда замонавий савдо-логистика инфратузилмасини яратиш, “Сурхон – Пули Хумри” электр узатиш линиясини барпо этишдек йирик лойиҳаларни амалга ошириш ва Афғонистон ҳудудида самарали транспорт йўлакларини ташкил этиш, жумладан, халқаро молиявий институтлар ва донор мамлакатлар имкониятларини фаол жалб қилишни назарда тутади.
Таълим ва маданий-гуманитар алмашинув бўйича қўшма дастурларни амалга ошириш давом эттирилади.
Ўзбекистон ва Афғонистон раҳбарлари афғон муаммосини тинч йўл билан ечиш масалаларини кўриб чиқдилар ҳамда афғонлар ўртасида ўзаро музокараларни тез фурсатда бошлаш бўйича олиб борилаётган ҳаракатларни тўлиқ қўллаб-қувватладилар.
Президент Ашраф Ғани 2018 йил март ойида бўлиб ўтган ҳамда натижалари афғон инқирозини сиёсий йўл билан ҳал этишда салмоқли силжишга эришиш имконини берган Афғонистон бўйича Тошкент халқаро конференциясининг тарихий ролини алоҳида қайд этди.
Мулоқот якунида давлат раҳбарлари икки мамлакат ва бутун Марказий Осиё минтақаси манфаатлари йўлида кўп қиррали шерикликни янада кенгайтириш борасида қатъий эканликларини таъкидладилар.
LiveБарчаси