Мирзиёев Фолькер Турк билан нималарни гаплашгани маълум қилинди
Жамият
−
15 Март 2023
6456Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 15 март куни БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Фолькер Туркни қабул қилди.
Инсон манфаатларини илгари суриш ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалаларида Ўзбекистон билан БМТ тузилмалари ўртасидаги конструктив мулоқот ва амалий ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Давлат раҳбари кейинги йилларда БМТ билан ушбу соҳадаги ҳамкорликда юксак даражага эришилганини мамнуният билан қайд этиб, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Барқарор ривожланиш мақсадларига тўлиқ ҳамоҳанг бўлган Ўзбекистондаги ислоҳотлар стратегиясининг бош устувор йўналиши эканини таъкидлаган.
БМТ Олий комиссари Ўзбекистоннинг болалар ва мажбурий меҳнатга барҳам бериш, гендер тенгликни илгари суриш, суд идораларининг мустақиллигини ва қонун устуворлигини таъминлаш борасидаги муваффақиятларини юқори баҳолаган.
Умумжаҳон инсон ҳуқуқлари декларациясининг 75 йиллигида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастури қабул қилингани, мамлакат БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини ратификация қилгани, қийноқларнинг олдини олиш бўйича фуқаролик жамияти институтлари иштирокидаги превентив механизм яратилгани, шунингдек, можаролар ҳудудларидан хотин-қизлар ва болалар ўз юртига қайтарилгани, улар қайта ижтимоий интеграциялашуви учун барча зарур шароитлар яратилгани алоҳида қайд этилган.
Ўзбекистон БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига 2021-2023 йиллар даврига сайлангани ҳамда мамлакатимиз томонидан илгари сурилган ташаббуслар асосида ёшлар ҳуқуқларига оид Кенгашнинг қатор резолюциялари қабул қилингани инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасидаги ютуқларнинг кенг эътирофи бўлди.
Олий комиссир БМТ тузилмаларининг Ўзбекистондаги ортга қайтмас ислоҳотларни қўллаб-қувватлашни давом эттириш нияти қатъий эканини тасдиқлади. Инсон ҳуқуқларини мониторинг қилишда фуқаролик жамияти институтларининг ролини кучайтириш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ва пенитенциар муассасалар ходимларини ўқитиш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга оширишга тайёрлигини билдирди.
Учрашув якунида конструктив мулоқотни янада мустаҳкамлаш ва амалий ҳамкорликни кенгайтириш, шу жумладан қўшма дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан келишувга эришилди.
LiveБарчаси