Мирзиёев Эрдўған билан гаплашиб олди

Жамият 9827
image

Бугун, 15 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, мулоқот чоғида Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги кенг кўламли стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилган.

Олий даражадаги келишувларга мувофиқ ўзаро алоқалар ҳамда сермаҳсул алмашинувлар юқори суръатда давом этаётгани мамнуният билан қайд этилган.

Икки мамлакат етакчилари минтақавий масалаларга тўхталар эканлар, август ойининг бошида Тошкент шаҳрида Ўзбекистон, Туркия ва Озарбайжон ташқи ишлар, савдо ва транспорт вазирларининг учрашуви муваффақиятли ўтказилганидан ғоятда мамнун эканини таъкидлаган. Ушбу форматдаги амалий ҳамкорликни давом эттириш муҳимлиги қайд этилган.

Шунингдек, халқаро ва минтақавий тузилмалар, шу жумладан Туркий давлатлар ташкилоти ҳамда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасидаги ҳамкорлик масалалари юзасидан фикр алмашилган.

Шавкат Мирзиёев шу кунларда Туркиянинг Конья шаҳрида ўтаётган ва ўзбекистонлик спортчилар муваффақиятли иштирок этаётган бешинчи Ислом бирдамлиги ўйинлари юксак даражада ташкил этилганини алоҳида таъкидлаган.

“Ўзбекистон ва Туркия Президентларининг телефон орқали мулоқоти ҳар доимгидек самимий ва дўстона руҳда ўтди”, дейилади хабарда.

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 237
Рейтинг: 3.1
t
×